English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларга тадбиркорлик кўникмалари ўргатилди
16:28 / 2025-06-04

Самарқанд шаҳрида Глобал ёшлар фестивали доирасида “Тадбиркорлик ҳафталиги” ўтказилмоқда.

Ёшларни тадбиркорликка ўргатиш, уларни бизнес имкониятлари билан таништириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбир доирасида “Бизнес марафон” ташкил этилди.  

“Юксалиш” ҳаракати асосчиси Муҳаммадали Эшонқулов, покистонлик тадбиркор Амнаҳ Седа, “MFaktor” асосчиси Ҳусан Мамасаидов, “FIntellect” лойиҳаси асосчиси Тамилла Қурбонова, Ўзбекистоннинг биринчи металлург аёли Гулбаҳор Тожимирзаева ҳамда бошқа таниқли ишбилармонлар ёшларга бизнесга кириб келишлари ва бу борадаги тажрибалари ҳақида гапириб бердилар. Тингловчи ёшларга реал кейслар, муваффақият стратегиялари ва стартапларни ривожлантириш масалалари тушунтирилди.

– Хато қилишдан қўрқмаслик керак, – дейди Гулбаҳор Тожимирзаева. – Мағлубият муваффақият учун қўйилган қадам эканлиги исботланган. Ўзим 17 ёшимда, бундан 15 йил аввал олий ўқув юртига киролмай муваффақиятсизликка учраганман. Бундан тушкунликка тушмаганман, аксинча ўқиш учун Хитойга йўл олганман. Талабалик давримда металлургия йўналишида фаолият олиб борадиган хитойлик тадбиркор билан танишиб, уни юртимизга таклиф қилдим. Ҳамкорим бу ердаги имкониятларни ўрганиб, инвестиция киритди. Шу сабабли 25 ёшимда катта бир тадбиркорга, Ўзбекистонда ягона металлург аёлга айландим. 

“Бизнес марафон”да қатнашган тадбиркорлар самарқандлик ёшларни қизиқтирган саволларга  атрофлича жавоб қайтарди.

Тадбирлар доирасида “Ўзбекистон – Покистон ёш тадбиркорлар форуми” ва “Ўзбекистон – Хитой ёшлар форуми” ҳам бўлиб ўтди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари