Одилжон Мамаджонов газ таъминоти тизимида 1996 йилдан буён узлуксиз ишлаб, ўзининг тажрибаси ва касбга бўлган садоқати билан кўпчиликка намуна бўлиб келмоқда.
Меҳнат фаолиятини газ таъминоти тизимининг турли бўғинларида бошлаган Одилжон ака йиллар давомида ўз касбининг етук мутахассисига айланди. Таъмирлаш, техник хизмат кўрсатишдан тортиб, хавфсизлик талабларигача чуқур ўзлаштириш ва амалий кўникмаларни такомиллаштириш орқали у соҳада ўз ўрнига эга бўлди.
Ҳозирда Одилжон Мамаджонов Ҳудудгаз “Наманган” газ таъминоти филиали “Уйчи газ тўлдириш шохобчаси”да синовчи чилангар бўлиб фаолият юритмоқда. Ушбу вазифа юқори даражадаги эътибор, масъулият ва техник билимни талаб қилади. Синов жараёнларининг тўғри ташкил этилиши, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиниши, жиҳозлар ва ускуналарнинг соз ҳолда бўлиши унинг кундалик вазифалари сирасига киради.

Уста-чилангарнинг масъулият билан ишлаши натижасида шохобчада газ билан боғлиқ жараёнлар барқарор ва ишончли олиб борилмоқда. Ҳамкасблари уни тиришқоқ, талабчан ва ўз ишига сидқидилдан ёндашадиган ходим сифатида ҳурмат қилишади. Дарҳақиқат, у ўз касбига садоқат билан хизмат қилиб, ҳудуд аҳолиси ва истеъмолчиларга хавфсиз ҳамда сифатли газ таъминотини йўлга қўйилишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Йиллар давомида орттирилган тажриба, масъулият ва ҳалол меҳнат Одилжон Мамаджонов фаолиятининг асосий мезонидир. Бугун у нафақат тажрибали мутахассис, балки ёшлар учун ҳам ўрнак бўла оладиган устоз сифатида ҳам эътирофга лойиқ.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.