Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календарь режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календарь режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда ёшлар фестиваллари, форумлар, лойиҳалар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда уларда қатнашиш тартиби;
Ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календарь режасини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби;
календарь режада назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш белгилаб берилган.
Календарь режа ҳар йили декабрь ойи якунига қадар давлат органлари ва ташкилотларининг таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ишлаб чиқилади.
Тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, иштирокчи ёшларни рағбатлантириш, шунингдек, yoshlarportali.uz электрон платформасидан фойдаланиш Агентлик томонидан белгиланган тартиб асосида амалга оширилади.
Календарь режа доирасида ўтказиладиган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар платформага жойлаштириб борилади ва тадбирларда иштирок этадиган ёшлар платформа орқали электрон рўйхатга олинади.
ЎзА