English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларга оид сиёсатда парламентнинг иштироки
17:39 / 2026-02-28

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ҳамда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ушбу жараёнда парламентнинг ўрни ва роли ҳамда давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқотида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, зарур шароитларни яратиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш борасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишда 100 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилиниб, ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилди. 

Ўтган даврда Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган Ёшлар парламенти ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қонунчилик жараёнига жалб этишда муҳим платформа вазифасини ўтамоқда. Шу билан бирга, ушбу институт ёшлар ва давлат ўртасида кўприк вазифасини бажариб келмоқда.

Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан учрашуви моҳияти ҳақида тўхталиб ўтилди. Мулоқотда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган долзарб ташаббуслар ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик ва инновацион фаолликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши урғуланди.

Президентимиз билдирган таклифларни ҳаётга самарали татбиқ этишда парламент аъзолари ҳам фаоллик кўрсатишлари лозимлиги айтилди. 

Бугунги кунда Қонунчилик палатасида ёшлар масалаларига масъул қўмита, шунингдек, Ёшлар парламенти ва Ёшлар масалалари бўйича комиссия самарали фаолият юритаётгани қайд этилди.

Ушбу тузилмалар ёшларнинг ташаббусларини норматив-ҳуқуқий асосга эга қарорларга айлантиришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши зарурлиги таъкидланди. 

Тадбирда учрашувдан келиб чиқиб, палатада ёшлар билан мулоқотни янада кўпайтириш, парламент назорати тадбирларида ёшлар манфаатлари устуворлигидан келиб чиқиб ёндашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

[gallery-27915]

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда парламент ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Ёшлар парламенти имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

М.Комилова,
А.Алижонов (сурат), ЎзА