Муносабат

Бугунги кунда инсон капиталини шакллантириш ва уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мамлакатимиз тараққиётининг устувор ва стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, бу борада иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг асосига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 24 февраль куни мамлакатимиз фаол ва иқтидорли ёшлари билан ўтказган очиқ ва самимий мулоқоти давлат ва ёшлар ўртасидаги ишончнинг янги босқичини бошлаб берди.
Учрашувда илгари сурилган муҳим ташаббуслар оддий имтиёзлар ёки молиявий кўмак шаклидаги алоҳида чоралар эмас. Бу ёшларнинг ҳаётий йўлини тизимли қўллаб-қувватлашга қаратилган, ўзаро боғланган ва бир-бирини тўлдирувчи яхлит стратегик ёндашувнинг ифодасидир. Мазкур ташаббуслар таълим олишдан тортиб касб эгаллаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этишгача бўлган жараёнларни қамраб олади.
Айниқса, вазирлик ва идораларда ҳафтанинг ҳар пайшанбаси “Ёшлар куни” этиб белгиланиши – давлат бошқаруви тизимида ёшлар билан ишлашни мутлақо янги даражага олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу амалиёт орқали ёшлар муаммолари кабинетларда эмас, бевосита мулоқот жараёнида муҳокама қилинади, таклиф ва ташаббуслар эса реал қарорларга айланади. Энг муҳими, бу уларни давлат бошқарувида фаол иштирок этиш ва соҳаларда масъулият ҳиссини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар маблағ ажратилиши мамлакатимизда ёшлар бизнеси янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Учрашувда давлат раҳбари томонидан инновацион стартаплар учун 100 минг долларгача инвестиция киритиш ташаббуси илгари сурилди. Бу глобал бозорга йўналтирилган, рақобатбардош маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқишни рағбатлантириб, мамлакат иқтисодиётига қўшимча даромад манбаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Таъкидлаш лозимки, “Келажак тадбиркори”, “Янги авлод тадбиркорлари”, “Ўсиш ва ривожланиш” каби дастурлар доирасида имтиёзли кредитлар, грантлар ва ссудалар ёшлар ташаббусларини амалга оширишдаги молиявий тўсиқларни сезиларли даражада камайтиради.
Бундан ташқари, “Менинг биринчи касбим” дастури орқали олий таълим муассасалари битирувчиларига стажировка даврида ойига 2 миллион сўмгача стипендия тўлаш амалиётининг йўлга қўйилиши уларнинг амалий тажриба орттиришига хизмат қилади. Бу эса таълим билан меҳнат бозори ўртасидаги узилишни бартараф этиб, ёш мутахассисларни реал иш муҳитига босқичма-босқич мослаштириш имконини беради.
Техникум ўқувчилари учун “Work and travel” дастури орқали хорижда ишлаш имконияти яратилиши эса ёшларнинг халқаро меҳнат муҳитида тажриба орттириши, тил билими ва маданиятлараро компетенцияларини ривожлантиришига замин яратади. Шу тариқа, ёшлар нафақат назарий билим, балки глобал рақобат шароитида зарур бўлган амалий кўникмаларни ҳам эгаллайди.
Таъкидлаш жоизки, эндиликда ёшлар сиёсати фақат иқтисодий қўллаб-қувватлаш билан чекланиб қолмайди. Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳар йили 62 миллиард сўм ажратилиши, энг яхши волонтёрлик лойиҳаларига 100 миллион сўмгача грант берилиши фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаолликни оширишга хизмат қилади.
“Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармаси орқали истеъдодли ёзувчиларни моддий рағбатлантириш, мактаблардаги энг фаол китобхон ўқувчиларни мукофотлаш эса маънавий тараққиётни янги босқичга кўтаради. Бу эса иқтисодий ислоҳотлар маънавий ва ижтимоий ривожланиш билан уйғун ҳолда олиб борилаётганини кўрсатади.
Таълим соҳасида фаолият юритаётган педагог сифатида алоҳида таъкидламоқчиманки, бундай кенг кўламли ислоҳотлар таълим тизими олдига ҳам мутлақо янги вазифаларни қўяди. Ёшларга яратилаётган имкониятлар улардан чуқур билим, танқидий ва таҳлилий фикрлаш, ташаббускорлик, молиявий саводхонлик ҳамда глобал дунёқарашни талаб этади. Демак, таълим муассасалари фақат назарий билим берувчи эмас, балки ёшларни ҳаётга, рақобатга ва масъулиятга тайёрлайдиган муҳитга айланади.
Биз ўз фаолиятимизда ўқувчиларни мустақил қарор қабул қила оладиган, жамоада ишлайдиган, ижтимоий масъулиятни ҳис қиладиган ва халқаро майдонда рақобатбардош бўладиган шахс сифатида тарбиялашни устувор вазифа деб биламиз. Президент томонидан илгари сурилган ташаббуслар ана шу мақсадларни амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий, молиявий ва институционал замин яратади. Бу эса таълим ва давлат сиёсати ўртасидаги стратегик уйғунликни янада мустаҳкамлайди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, жумладан, Президент мактабларининг ташкил этилиши, аниқ ва табиий фанларга ихтисослашган Муҳаммад ал-Хоразмий ва Абу Али ибн Сино номидаги мактабларнинг очилиши иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни замонавий билимлар асосида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Шу ўринда халқаро муҳитда таълим бериш ва дунёнинг Harvard University, Yale University, University of Oxford, Columbia University, Cornell University каби ТОП-10 талик рейтингидаги университетларга мақсадли тайёрловни амалга ошираётган Ал-Беруний номидаги халқаро IB мактаб-интернати таълим тизимида мутлақо янги босқичда фаолият юритмоқда. Хусусан, мактабимизда International Baccalaureateнинг Diploma Programme дастури жорий этилгани ўқувчиларга халқаро тан олинган диплом олиш ҳамда етакчи хорижий университетларга имтиёзли кириш имкониятини яратади.
Хулоса қилиб айтганда, давлат раҳбарининг ёшлар манфаатлари сари илгари сураётган ташаббуслари навбатдаги имкониятлар тўплами эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли тараққиёт модели ҳисобланади.
Жавоҳир АҲМЕДОВ, Ал-Беруний номидаги
халқаро мактаб-интернати ижрочи директори.
ЎзА