Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш — давр талаби
17:36 / 2023-05-17

Мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинади. Айниқса, улар билан доимий мулоқот қилиш, йигит-қизларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар мунтазам амалга оширилади.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини такомиллаштиришга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда ёшларни қўллаб-қувватлашга оид ислоҳотлар, амалий ишлар алоҳида эътироф этилди.  

- Юртимиз ёшларини қўллаб-қувватлаш борасида Президентимизнинг кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилиниб, улар доирасида ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда, — деди Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одил Тожиев. — Алоҳида таъкидлаш жоизки, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш мақсадида барча зарур шароитларни яратишга қаратилган яхлит тизим яратилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда 30 июнь — “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларимизни рағбатлантириб бориш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди.  

Шунингдек, келажагимиз эгалари билан ишлашнинг мутлақо янги тизими – “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” ҳаётга татбиқ этиляпти. Мазкур тизим асосида олиб борилган амалий ишлар натижасида “Ёшлар дафтари”га кирган минглаб йигит-қизларнинг муаммолари ҳал этилмоқда, кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган талабаларнинг контракт пули тўлаб берилмоқда, ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланмоқда. Бундан ташқари, парламент палаталари ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил этилиб, фаол ва ташаббускор йигит-қизлар унга аъзо қилиб сайланди.  

Йиғилишда янгиланган Бош қомусимизда ҳам Оила, болалар ва ёшлар учун алоҳида боб ажратилгани алоҳида қайд этилди. Янги Конституциямизда давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланиш, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шаклланитириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши белгиланди. Бундан ташқари, ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида ўз аксини топди.  

Йиғилишда таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ўзгаришлар “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунни замон талабидан келиб чиқиб, такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу боис, йиғилишда қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳини тузиш, ёшлар таклифларини қабул қилиб олиш бўйича электрон платформалар (веб-сайт, “махсус бот”, Call-марказ, электрон ва анъанавий почта, СМС хабарномалар)ни ишга тушириш белгилаб олинди.  

Сўз олган иштирокчилар қонун лойиҳасини янада пишиқ-пухта, ёшлар манфаатига янада кенг хизмат қиладиган тарзда такомиллаштириш юзасидан қатор таклифларни илгари сурди.  

Якунда келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Шу билан бирга, ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказилди.  

М.Комилова, ЎзА