Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларга оид давлат сиёсати аниқ мақсадларни кўзлаган
06:44 / 2024-02-27

Давлатимиз раҳбари "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонни имзолади. Мазкур фармонда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратишдек муҳим мақсадлар илгари сурилган.

Унда ёшларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ташаббусларини тўлақонли рўёбга чиқариш бўйича қандай йўналишлар белгиланган. Шулар хусусида ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси Ёшлар билан ишлаш бўлими бош консультанти Бобур ҲАЛИМОВнинг фикрларига қизиқдик.

–  "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги фармонда кўплаб янги имкониятлар тилга олиндики, бу Янги Ўзбекистондаги ёшларимизнинг дунёқарашини тубдан ўзгартиришга асос бўлади, – деди Бобур Ҳалимов. – Хусусан, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 2024 йил 1 мартдан бошлаб маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида хорижий тиллар (“Ибрат фарзандлари”) бўйича танлов, киберспорт мусобақаси ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари юқори савияда ташкил этилади.

Яна бир қувонарли хабар шундаки, ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилиши белгиланди.

Шунингдек, 2024 йил 1 июндан бошлаб “Ёш тадбиркор” танловлари ўтказилиб, ҳар бир лойиҳа ғолибларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади, хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.

Фармонда барча ўзгаришларнинг негизи ҳисобланган таълим-тарбия тизимида ҳам янгича туб ислоҳотларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қанча маблағ талаб этилса, ажратилишига шубҳа йўқ. Ўрни келганда шуни айтиш керакки, бугунги кунга келиб мамлакатимизда таълим, шу жумладан, ижтимоий соҳа учун харажатлар миқдори давлат бюджети харажатлари умумий қийматининг ярмидан кўпроғини ташкил этмоқда.

Табиийки, ҳар қандай давлат ҳам бундай катта харажатларни кўтара олмайди. Аммо қанчалик оғир бўлмасин, бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар юртимизда излаб топилмоқда. Президентимиз мазкур харажатларни келажак учун қўйилган энг самарали сармоя деб ҳисоблаб, таълим даражаси ва сифати ҳар қандай давлатнинг истиқболини белгилаб берадиган муҳим омил эканини таъкидламоқда.

Фармоннинг яна бир эътиборга молик жиҳати, 2024 йил 1 майга қадар адашган ёшларни жамиятга интеграция қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёшларни пробация ҳисобидан чиқариш амалиёти жорий этилади. Уларни профилактик ҳисобга олиш асослари кескин қисқартирилади.

ЎзЛиДеП “Ёшлар қаноти” Давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатади. “Парламентда ёшларнинг ўрни”, Ёш олимлар лигаси”, “Тадбиркорлар клуби”, “Интеллект”, “Сиёсий мунозара” каби партиявий лойиҳалар ташкил этилади.

Ушбу лойиҳалар орқали ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшлар ўртасида тадбиркорлик ва бизнесни янада ривожлантириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал салоҳиятини тўлиқ намоён этиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, давлат дастурида кўзда тутилган мақсад ва вазифалар ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, интилувчан, серғайрат, ватанпарвар сифатида тарбиялаш борасида бошланган ишларни янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлади.  

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА