Қачонки бола ўз ишини билиб-билиб қилмас экан, катта бўлганда ҳам тобе ва қарам бўлиб муҳтожликка юз тутади. Биз уни болалигидан ўз муаммоларини ўзи ҳал этишга ўргатишимиз зарур.
Бу оддий нарсалардан бошланади.Масалан, оилаларда болалар ўртасидакимгадир сув келтиришини сўралганда, «Ўзингни оёғинг йўқми?» ёки овқатланаётганда чеккароқдаги туздонни узатишларини сўраганингизда: «Ўзингни қўлинг йўқми?» каби эътирозлар бўлади. Албатта, ҳеч ким бошқалар учун ҳеч нарса қилишга мажбур эмас.
Бола хатоларини ғурурланмасдан тан олиши ҳам аҳамиятли. Кўпчилигимиз болаликда чойнакни синдириб қўйганимизни ёки гиламга овқат тўкканимизни бўйнимизга олмаганмиз. Кўпинча буни ҳозир ҳам»айбдор» кичик ука ва сингилларига ағдаради. Лекин кучли ота-оналар айбимизни қўрқмасдан бўйнимизга олишга ва унга жавоб беришга ўргатишган. Мард бўлиб айбини бўйнига олган боладан олийжаноб инсон чиқади.
Фарзанд аниқ мақсадга эга бўлиш ва унга эришишга интилиши даркор. «Келажакда ким бўласан?» деган саволни нафақат ота-она, балки ўсаётган боланинг ҳар бир атрофидаги катталар дамба-дам бериб турсалар бола ҳушёр тортади. Афсуски, биз шу масалада бефарқмиз. «Бировнинг боласи билан нима ишим бор?» деган кайфият ҳукмрон.
Агар ота-она, педагог, атрофдагилар маҳалла ва атрофдаги болаларга нафақат ўхшаши йўқлигини сингдира олса, болада мураккаб мақсадлар ва уларга эришишга муваффақ қиладиган куч пайдо бўлар эди.
Бугунги ёшларга куч ва туртки, ҳаттоки далда етишмаяпти. Бир ишни устаси ёки бир илмнинг эгаси бўлиш учун катта мақсад қўйилади одатда. Ана шу мақсад бўлиши керак.
Биз чет эл таълимига ҳавас қиламиз. Улардаги болалар ўз олдиларига тўғри мақсад қўя оладилар ва мудом яшаш тарзларини шунга мослайдилар. Таълимни ҳам шунга йўналтира олганлар. Мақсад аввал оилада, кейин таълимда қўйилади. Бугунги тезкор кунда олимларнинг ҳисоби бўйича кунига оталар 12-минут, оналар эса 30 минут болалари билан ўртача мулоқотда эканлар. Вақт тиғизлигидан бу.
Ота-она боласига етарли вақт ажрата олмаса, унда болада мақсад қаердан пайдо бўлсин? Хорижий таълимни устунлиги, айниқса финлар, корейслар ота-она боласи устида жиддий шуғулланади. Унга махсус вақтлар ажратади. Меҳнат таътилларини оила даврасида ўтказадилар. Ёз бўлди дегунча, машинасига мослаштирилган уйларни тиркаб шаҳар атрофида дам оладилар. Болаларига вақтини бахшида қилади.
Туризмнинг шу тарафларини ҳам ўйлаб кўрадиган вақт келди. Оилага вақт ажратиш муҳим.
Аксар фарзандлар, ўзларини севишларини ва ҳурмат қилишларини истайди. Фарзанд,айниқса ўсмир ўзини баҳосини билиш ва ўзини ҳурмат қилиши керак.
Ота-она — боласини шубҳасиз севадиган ягона инсонлар. Улар жигаргўшаларига қандай муҳаббатга лойиқлигини кўрсатади. Рисоладаги тартибли ота-она боласини севишини ва у билан келишади. Бунинг учун аввал ота-онанинг ўзи дипломат бўлиши керак.
Шунда улар фарзандларига ўзни асосий ўринга қўйиш лозимлигини англаш — худбинлик эмас, бошқаларга ёрдам бериш, сахий бўлиш — булар, шубҳасиз яхши фазилатлар эканлигини сингдира оладилар. Лекин, ортиқча сахийлик, эвазига ҳеч нарса олмасдан, доим беравериш керакми? Вақт ўтиши билан бу фарзандни зарарлайди. Ақлли фарзандлар бу ишда тарозини бошқара олишади — ўзи ҳақида қайғуриш, аммо худбин бўлмаслик албатта керак.
Замонавий оламда ташқи гўзаллик жамиятдаги муваффақиятларнинг асосий сабаби ҳисобланади. Фарзандингиз тоза кийинган, сочлари тартибли, тишлари текис ва соғлом бўлиши ҳам ота-онанинг парвариши ҳосиласи.
ЯХШИ КАСБ...
Баъзида ота-оналар фарзандлари улғайгач илк меҳнат фаолиятларини севимли бўлмаган ишда ишлашга мажбурлашади. Бу жуда нотўғри. Доим кўнгилсизликлар келтирадиган оқибат. Яхши ҳамкасб билан дўстлашиш — буларнинг бари тарбияланган болаларнинг хислати бўлиши керак.
Инсон ўзини хафа қилдириб қўймасликни, борлигини ҳар ерда намоён этиши, одамохунликни фарзандларга ёшликдан сингдириб бориш керак.
Кучли ота-оналарнинг болалари ёш пайтларидан ўрганишади. Улар ҳеч қачон ўзларига нисбатан ҳурматсизлик ёки ҳақорот қилишларига йўл қўймайди. Болалар қанча кўп китоб ўқиса, ўзларинишунча тез англайдилар. Дунёқараши саёз, бир ёқлама болалар келгусида ҳам тор доирада фикрловчи, ижтимоий онги ҳам шунга яраша паст, бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни таҳлил қилолмайдиган, бўлар-бўлмас фикрларга эргашувчан бўлиб ўсади.
Ижтимоий тармоқлардаги беҳуда ахборотлар қулига айланиб қолади. Китобдан, матбуотдан, нафис суҳбатлардан узоқлашиш оқибати келгусида ота-онага уради. Саёз дунёқараш пировардида оилалардаги ажралиш, ишбилармонликни ҳам чеклаб, аксарият оилалар камбағалликка мубтало бўлмоқдалар.
Урушдан кейин ва мустабид тузум пайтида ҳам ночор оилалар бўлмаганми? Бўлган. Ўша оилаларнинг фарзандларининг аксарияти ўз устида ишлаб, қийинчиликларни мардонавор енгиб, турли олий ўқув юртларни битириб ажойиб умргузаронлик қилган.
Улар учун қарамлик, боқибеғамлик, дангасалик ёд қусурлар эди. Одамлар бир бирларига маънавий муҳтож бўлишган, аммо моддий муҳтожликни сира ўзларига эп билишмаган. Ишсизликдан ор қилганлар. Имконияти чекланган бўлса, бошқа гап, етти мучали соғ одамни муҳтожлиги дангасаликдан бошқа гап эмас.
КИНО ВА СЕРИАЛЛАРГА НАЗАР СОЛИНГ...
Бадиий адабиётларда кино ва театрларда меҳнаткашлик тарғиб қилиниши тагида катта гап бор. Ҳозир кино ва сериалларга назар солинг, аксарияти бой бадавлатларни турмуши ва маишати кўрсатилади. Буни кўрган ёшларда дунёқараш ўзгармоқда.Тайёр бойликни эмас, балки тадбиркор ёки оддий меҳнат кишиси шу бойликка қандай машаққат билан эришганлиги сериаллар сюжети бўлиши керак. Сериаллардаги маиший муаммолар одамларнинг энсасини қотираётганлиги ҳам бор гап.
Биз фарзандларимизга камроқ сўзлаб, кўпроқ ўқишга, ўрганишга, киришимлиликни ўргатишимизни замон талаб қилмоқда. "Инсонни билмоқчимисиз? Унинг ишига қаранг, сўзига эмас», – бу ҳаммага маълум ибора. Бу омилга кучли ота-оналарнинг фарзандлари болалигидан ўрганишади. Қийин йўл билан шаклланган феъл-атворлари бундай одамларнинг асосий ёрдамчиси бўлади.
Болалар берган ваъдасини бажариши шартлигини оиладан ўрганиши керак.
Берган ваъдасини бажариш — аъло баҳоларга ўқиш, одобли, айтганини қилиш билан исботланади. Бу фарзанддаги энг яхши фазилатлардан бири. Бу қийинчиликларга қарамасдан, ўз ваъдасини бажарган боланинг ота-онасига энг аъло совғаси. Катта бўлганда ҳам сўзида турувчи мард бўлади.
Ота-оналар ҳар қачон боласини тинглай олиши, келажак режалари билан ўртоқлашиши, атрофдаги одамлар ва қавм-қариндошларнинг ютуқ ва камчиликларини қиёсий тарзда муҳокама қилиши муҳим. Айниқса, меҳнат ва тадбир орқали бой бўлганлиги ва аксинча дангасалик ва тадбирсизликлари орқали ҳаминқадар оила бўлиб қолган атрофдаги оилалар тимсолида тушунтирилса, яхши самара беради. Шунда болада келажак ҳақида фикрлар пайдо бўлади.
Кучли ота-оналар доим болаларини тинглай олишади. Ҳатто болалари бемаъни нарсаларни гапирсалар ҳам. Ўзлари диққат билан тингланган болалар, бунинг қадрини билишади ва ўзлари ҳам яхши тингловчи бўлишади. Ўз вақтида ёмон фикрлар ҳам тўғрилаб олинади.
ЭНГ НОЗИК МАСАЛА...
Ота-оналарнинг меҳр-эътибор билан катта бўлган болалари бу анъанани давом эттирган ҳолда ўз болаларини ҳам туғишганлари ва яқинларига боғланганлигини ўргатишади. Ана шу ришталар бугунги кунда назаримизда узилгандек, одамларда дахлдорлик сезилмаяпти. Сийлаи раҳм етишмаяпти. «Менинг нима ишим бор, билганини қилмайдими?» деб айтиш энг ёмон одат.
Ўша ёмон бола кейинчалик ҳаммани куйдиради. Қариндош-уруғнинг, маҳалланинг тинчлиги аслида киши билмас энг катта бойлик, бахт. Тарбияли, илмли бир иш билан банд ёшлар жамиятимиз бахти.
Хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, ҳар қандай муаммонинг ҳам яхши томонини кўра билишни ўрганиш лозим. Бу муаммонинг ечимини топишга ёрдам беради.
Биз масалани янада аниқлаштириш учун ҳамма ота-она қилиши мумкин бўлган тарбияга оид ҳозирда шу усулни фарзандларимизга қўллаш айни муддао бўладиган тавсияларни таклиф қиламиз.
1. Нафсни тийиш. Олдингга қўйган таомни кераклисини егин, исроф ва увол қилма, ўнг қўл билан таомлан. Неъматлар шукурини қил. Рўзғор учун тинмай меҳнат қилаётган ота-онанг ҳақига дуо қил.
2. Сукут сақла. Ўзингга ва бошқаларга фойда бўладиган гапни сўзла, керакли саволлар бер, фойда бўлмайдиган гапни гапиришдан сақлан. Керакли гапни гапириш учун керакли вақт бўлсин.
3. Интизомга муҳаббат қўй. Ҳамма буюмларингни қўйиш учун жой, шкаф, тартиб билан тахланган китоб ва ўқув қуроллари бўлсин.
4. Уддасидан чиқмоқ. Бажарилиши керак бўлган ишни бажаришни ҳал қил. Уй вазифалари, курслардаги топшириқлар, спорт, хорижий тилларни ўрганиш. Буларни ҳал қилдингми, демак ишни бажармоқни уддасидан чиқдинг.
5. Бошқалар ҳақида қайғурмоқ. Фақат ўзингга эмас, бошқаларга ҳам фойда келтирадиган, масалан ака-ука, опа-сингил, дўстларинг учун нарсаларни аяма. Ҳеч нарсани бекорчи жойларга ишлатма.
6. Меҳнатсеварлик. Вақтни бекор ўтказма, ҳар доим фойдали иш билан, айниқса ўқиш ва ўрганиш билан машғул бўл ҳар қандай бекорчи ишдан нари бўл.
7. Очиқ кўнгиллик. Тили бошқа-ю дили бошқа бўлишдан сақлан. Ҳар доим дилингда ўйлаганингни гапир. Ҳасад, иғво, кўролмасликдан сақлан.
8. Тўғри сўзлилик. Ҳеч қачон одамларга ёмонликни раво кўрма ва уларни хафа қилма. Доимо тўғри сўзлик рўшнолик келтиради.
9. Кечиримлилик. Сенга етказилган озор учун ҳеч қачон кек сақлама, ҳаттоки улар хафа бўлишсалар ҳам. Мана шу фазилат кейинчалик фарзандлар ҳаётида, бўлажак қуриладиган оиласида жуда асқатади.
10. Озодаликка риоя қилиш. Уйда ҳам, либосда ҳам кирлик бўлишига йўл қўйма. Кир жойда шайтон қўним топади. Озода жой фаришталар макони. Кўчалар ва йўлаклар озода бўлса, бало-қазолар даф бўлиб барака ёғилиб нурли бўлади.
11. Хотиржамлик. Бўлар-бўлмасга хавотирланаверма. Ёшликни ғанимат билиб, вақт тўғри сарфланса ҳамма иш ўнгидан келаверади. Билимли одам хотиржам бўлади.
12. Ақл билан иш қилиш. Изланишдан тўхтама. Кўп китоб мутола қилиш наслни соф табиатли инсонлар билан давом этишини таъминлайди.
Биз педагоглар тавсияларни бераверамиз. Уни қандай амалда қўллаш оилаларга ҳам боғлиқ. Аммо тарбия ҳар қачон ҳамкорлик бўлади. Умид қиламиз ушбу тавсиялар ҳам фойдали бўлади.
Бахтиёр КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси