Қашқадарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасида бир гуруҳ ОАВ вакиллари иштирокида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Ёшларга коррупциясиз келажак қолдирайлик” мавзусида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Юртимизда коррупцияга қарши курашишга давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Буни сўнгги йилларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Қашқадарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва таркибий тузилмалари шахсий таркиби ўртасида ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарлик ва қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, айниқса, коррупцияга йўл қўймаслик ҳам муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Айтиш мумкинки, бу борада тизимли ишлар ташкил этилганлиги, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳукумат томонидан соҳага янги механизмлар жорий қилинганлиги натижасида бошқарма ва унинг таркибий тузилмаларида сўнгги йилларда хусусан, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида коррупцион ҳолатлар қайд этилмаган.
Бундан ташқари, кейинги йилларда бошқарма тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, соҳада замонавий (электрон) аксилкоррупциявий тизимлар жорий этилаётганлиги ҳам коррупцион ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин бўлган омилларга барҳам бермоқда.
[gallery-14955]
Жумладан, тадбиркорлар ўзларига ажратилган ер майдони ва қурилган объектларни фойдаланишга топшириш учун хулосаларни “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот электрон тизими орқали олиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, тадбиркорлар томонидан янги ташкил этилаётган мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйишда “nodavlatbog‘cha.uz” платформаси ишлаб чиқилган бўлиб, бу ҳам тадбиркорнинг вақтдан унумли фойдаланишига, коррупцион ҳолатларни олдини олишга ёрдам бермоқда.
“ARM.gov.uz” тизимида эса объектларнинг ёнғин хавфсизлигига мувофиқлиги тўғрисида хулосаларни электрон кўринишда берилиши йўлга қўйилиши ҳам коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
“govkontrol.uz” платформасида хўжалик юритувчи субъектларни текшириш, хабардор этиш ва бошқа бир қатор функциялар мавжуд бўлиб, тадбиркорларнинг вақтини тежаш, турли “олди-берди” муносабатларга йўл қўймасликка қаратилган.
– Тизимдаги давлат ёнғин назорати инспекторларининг иш самарадорлигини ошириш, маъмурий жарималарни ўз вақтида, қонунда кўрсатилган шаклда ундириш, фуқаро ва инспектор ўртасидаги муносабатларда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида “E-inspektor” тизими ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар бир инспектор планшетлар билан таъминланган, – дейди бошқарма бошлиғи Фарҳод Мирзаев. – Бундан ташқари, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида хабардорлигини ошириш бўйича бошқармада ишонч телефони (75.221-14-64) ва телеграм боти (@Antikor_qashqadaryo_FVB_bot) ташкил этилган. Фавқулодда вазиятлар бошқармасида ходимлар ўртасида коррупцион ҳолатларнинг олини олиш борасида тарғибот ва ташвиқот ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шунингдек, бевосита фаолияти давомида коррупцион ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин вазиятларга дуч келиши мумкин бўлган бошқарманинг 1280 нафар ходими билан мунтазам равишда якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказиб келинмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари