Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида “Конституциядаги инсон қадри ва экологик ҳуқуқлар” мавзуида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда инсон ҳуқуқлари, экологик хавфсизлик ва экологик сиёсатнинг мамлакат тараққиётидаги ўрнига бағишланган муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирни ЖИДУ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Одил Юсупжонов очиб, инсон қадрини юксалтириш ва экологик ҳуқуқларни таъминлаш бўйича давлат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг аҳамияти ва бу жараёнда ёшларнинг фаол иштироки муҳим эканини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда Конституцияда акс этган инсон ҳуқуқларининг янги кафолатлари, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва жамиятда экологик маданиятни ошириш бўйича давлатнинг устувор вазифалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбир давомида талабалар, тадқиқотчилар ва ёш мутахассислар экологик қонунчилик, фуқароларнинг экологик масъулияти, жамоатчилик назоратининг ўрни ва амалиётдаги муаммоларга оид саволларини йўллади. Меҳмонлар томонидан ҳар бир саволга ҳуқуқий ва амалий асосланган жавоблар берилди.

Шунингдек, экологик таълимни ривожлантириш, университетлар ўртасида ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш, ёшлар ўртасида экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш каби қатор таклиф ва ғоялар илгари сурилди. Талабалар томонидан экологик ёшлар лойиҳалари, ўқув-амалиёт дастурлари ва инновацион ғояларни амалга ошириш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Тадбир якунида “Йилнинг энг яхши экологи” танлови ғолиблари тақдирланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА