French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларга ишонч, кенг имкониятлар – эртанги тараққиёт пойдевори
09:34 / 2026-02-25

.

Муносабат

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилди. Янги Ўзбекистон тараққиётини белгилаб берувчи стратегия ва давлат дастурларида ҳам ёшлар масаласи устувор йўналиш сифатида белгиланиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Қолаверса, юртимиз аҳолисининг катта қисмини ташкил этувчи ёшлар нафақат ислоҳотлар иштирокчиси, балки уларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Жорий йил 24 фераль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқоти мамлакатимиз тараққиётида навбатдаги муҳим сиёсий воқеа бўлди деб айтиш мумкин.

Сабаби, яратилган имкониятлар самараси бугун аниқ рақамларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, ёшларимиз жаҳон фан олимпиадаларида 66 та олтин, 147 та кумуш ва 221 та бронза медалини қўлга киритди. Дунёнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олаётган ёшлар сони йил сайин ортиб бормоқда. 

Бу кўрсаткичлар юртимизда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётганини кўрсатади. Шу билан бирга, ёшларимиз томонидан яратилган 63 та стартап лойиҳанинг АҚШ, Жанубий Корея, Буюк Британия ва Бирлашган Араб Амирликлари бозорига кириб боргани янги авлоднинг инновацион салоҳияти юксак даражада эканидан далолатдир.

Ёш тадбиркорлар бугун мамлакатимиздаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ташкил этаётгани эса иқтисодиётимизда ёшлар улуши ортиб бораётганини кўрсатади.

Жумладан, ҳар йили 600 минг нафар ёш меҳнат бозорига кириб келмоқда, 2030 йилга бориб бу рақам 1 миллионга етиши кутилмоқда. Бу эса ёшларни муносиб иш билан таъминлаш масаласини давлат сиёсати даражасида ҳал этишни тақозо этади.

Шу мақсадда Президентимиз томонидан ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши эълон қилинди. Шу билан бирга, “Келажак тадбиркори” дастури доирасида 7 йилгача 15 фоизли имтиёзли кредитлар берилиши, ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун гаровсиз кредит миқдорининг оширилиши ёшлар учун янги имконият эшикларини очади.

Айниқса, тадбиркорликни энди бошлаётган ёшларнинг 30 фоизи билим ва кўникма етишмаслиги сабаб қийинчиликка учраётгани инобатга олиниб, ҳар бир ҳудудда “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилиши жуда тўғри қарор бўлди. Бу марказлар ёшларга ғояни бизнесга айлантириш, маркетинг, бухгалтерия, ташқи бозорларга чиқиш каби йўналишларда комплекс хизмат кўрсатиб уларни қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, ёшларни касбга йўналтириш масаласи ҳам мулоқот марказида бўлди. Ҳар йили камида 100 та техникумни тўлиқ таъмирлаш ва замонавий жиҳозлаш, “дуал таълим” қамровини кенгайтириш, “Work and travel” дастурини техникум ўқувчилари учун ҳам жорий этиш ташаббуслари ёшларнинг меҳнат бозорига тайёр ҳолда кириб келишини таъминлайди.

Бу борада олий таълим муассасаларидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, “spin-off” лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва стартапларга 1 миллиард сўмгача маблағ ажратиш механизмини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.

Ахборот хуружлари кучайиб бораётган бугунги даврда ёшлар маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш ҳам долзарб вазифадир. Шу боис “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармаси фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, энг сара асарларни мактаб ва техникумларга етказиш, фаол китобхонларни рағбатлантириш чоралари катта аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, волонтёрлик ҳаракатининг ривожланиши ҳам қувонарли ҳолат. Бугун мамлакатимизда 100 мингдан ортиқ ёш волонтёр фаолият юритмоқда. Энди “Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси ташкил қилиниб, ҳар йили салмоқли маблағ ажратилиши фуқаролик жамиятини янада мустаҳкамлайди.

Ёш оилалар учун ипотека дастури доирасида кредит ставкасининг бир қисми бюджетдан қоплаб берилиши менимча мамлакатимиздаги барча ёш оилалар кутган янгилик ҳамда ижтимоий адолат тамойилларининг амалдаги ифодаси бўлди.

Умуман олганда, бугунги ислоҳотлар ёшларга қаратилган оддий имтиёзлар эмас, балки уларни мамлакат тараққиётининг тўлақонли субъектига айлантиришга қаратилган стратегик ёндашувдир. Яратилаётган имкониятлар, қўллаб-қувватлаш механизмлари ва янги ташаббуслар орқали ёшлар фақат иш изловчи эмас, балки иш ўринлари яратувчи, инновация ташаббускори ва жамиятнинг фаол кучига айланмоқда.

Энг муҳими, давлат ва ёшлар ўртасида ишончли мулоқот мустаҳкамланмоқда. Ана шу ишонч ва имконият уйғунлиги Янги Ўзбекистоннинг эртанги муваффақиятини белгилаб беради.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Меҳнат, соғлиқни сақлаш

ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

ЎзА