Мамлакатимизда ҳар бир соҳада тизимли равишда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолини талаб юқори касбларга ўқитиш ва юқори даромадли иш билан таъминлаш, шунингдек, касбий таълим муассасаларида халқаро таълим дастурларини жорий этиш бўйича амалий чора-тадбирлар йўлга қўйилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига хорижий иш берувчиларнинг талаб ва буюртмалари асосида малакали кадрлар тайёрлаш вазифаси юклатилган. Бу мақсадда Германиянинг “Askania Bildung” компанияси билан ҳамкорликда техникумларда немис таълим дастури асосида “Ausbildung” тизимини жорий этиш йўлга қўйилди. Республикамизнинг 5 та вилоятида ташкил этиш режалаштирилган ушбу тизим Фарғона вилоятида Марғилон қурилиш ва коммунал хўжалиги техникумида жорий этилди.

“Ausbildung” тизими бўйича ўқиш муддати техникумларда 3 йил бўлиб, таълимнинг биринчи йили Ўзбекистонда, қолган икки йили Германияда амалга оширилади. Қабул квотаси бўйича дастлабки йили 3 та касб – "Қурилиш техникаси устаси", "Электромонтёр", “Логистика” мутахассисликларига ўқитиш йўлга қўйилади.

– Ушбу дастурга асосан техникумга 17-26 ёшдаги йигит-қизларни ўқишга қабул қиламиз. “Askania Bildung” компанияси томонидан 250 нафар квота белгиланган. Биринчи курсда ўқувчилар немис тили ва касбий фанлар бўйича таҳсил олади ҳамда немис тили бўйича камида B1 даражадаги сертификат олган ўқувчилар 3 ой давомида Германияда амалиёт ўтайди.

Айнан шу талабалар кейинги босқичларни Германиядаги касбий таълим ташкилотларида дуал таълим шаклида ўқишни давом эттиради, – дейди Марғилон қурилиш ва коммунал хўжалиги техникуми немис тили ўқитувчиси Нозима Юнусалиева. – Бу тил ўрганиш ва хорижда ишлаш истагида бўлган ёшларимиз учун катта имконият эшикларини очади. Ўқувчиларимиз Германияда ўқиш даврида 600 евродан 1500 еврогача стипендия олиши мумкин.

Маълумот учун, Германиянинг “Askania Bildung” компанияси техникумларда касбий тайёргарлик тизими – “Ausbildung”ни жорий этиш билан шуғулланади. Бу тизим ёш мутахассисларни тайёрлаш учун назарий билимларни амалиёт тажрибалари билан уйғунлаштиради.

Асосий фаолият йўналишлари немис касбий таълим тизимини техникумларга интеграция қилишга қаратилган бўлиб, “Ausbildung” тизими келгусида касбнинг ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатларини қамраб олган ҳолда комплекс тайёргарликни таъминлайди. Дастур ёшларни чуқур касбий билим ва кўникмаларга эга қилиш учун жалб этишга мўлжалланган.
М.Сулаймонов, ЎзА