Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларга эътиборни кучайтириш зарур
15:44 / 2024-12-19

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда туман ва шаҳарлар масъуллари иштирокида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш масалаларини муҳокама қилди.

Қайд этилишича, якунига етаётган йилнинг 11 ойида вилоятда содир этилган умумий жиноятларнинг 29,6 фоизи, яъни 1556 таси ёшлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда ёшлар жиноятчилиги 19 фоиз (247 та)га кўпайган. Жиноятлар турлари бўйича таҳлил қилинганда, энг кўпи ўғирликка тўғри келди. Яъни 11 ойда ёшлар томонидан 171 маротаба ўғирлик жинояти содир этилган. Шунингдек, фирибгарлик (168 та), тан жароҳати етказиш (157 та) жиноятлари ҳам кўп қайд этилган.

– Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, қаерда ёшлар бандлигига, бўш вақтини фойдали машғулотлар билан ўтказишига эътибор қаратилмаган бўлса, ўша жойда жиноят, ҳуқуқбузарликлар қайд этилмоқда, – деди А.Бобоев. – Кўп салбий иллатлар, аслида ишсизликдан, бўш вақтдан самарали фойдаланмаслик оқибатида келиб чиқяпти. Шунингдек, ёшлар ўртасида профилактик тадбирларнинг етарли даражада олиб борилмаётгани, “маҳалла еттилиги” ҳамжиҳат бўлиб ишламаётгани ҳам жиноятчилик кўрсаткичлари ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли ҳар бир сектор раҳбари, маҳаллаларнинг статистик рақамлари таҳлилларидан хулоса қилиб, иш фаолиятини қайта кўриб чиқиши керак.

Тадбирда масъулларнинг ҳисоботлари ҳам тингланди. Жумладан, вилоят ички ишлар бошқармаси ва бошқа идоралар томонидан оталиққа олинган ёшлар ўртасида ҳуқуқий саводхонлик ва қонунга итоаткорлик ҳиссини оширишга қаратилган махсус ҳуқуқий профилактик тадбирлар, турли танлов ва мусобақалар ўтказилиши йўлга қўйилгани таъкидланди. Ёшлар билан ўтказилган якка тартибдаги суҳбатларда 5011 нафар ёшда ижтимоий ва маиший муаммолар борлиги аниқланиб, 3592 нафарининг муаммолари ҳал этилган. Бундай профилактик ишларни янада жонлантириш, ҳар бир маҳаллани, айниқса, оғир тоифадаги маҳаллаларни қамраб олиш зарурлиги қайд этилди.

Муҳокама давомида раҳбарларнинг ўзига бириктирилган ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, мутасаддиларга аниқ топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири