Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларга эътибор янада кучаяди
17:46 / 2024-01-02

Бугунги кунда Самарқанд вилояти аҳолисининг 55 фоизини, яъни 2 миллион 315 минг нафардан ортиғини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бу йигит-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллашига имконият яратиш маҳаллий ҳокимлик ва тегишли идораларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Янги йил байрами арафасида вилоятда ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувларида бу борадаги ишлар таҳлил этилди, ёшларни ўйлантираётган муаммолар ўртага ташланиб, уларга ечим изланди.

– Вилоятимиз ҳокими, шунингдек, барча туман ва шаҳарлар ҳокимлари, ректорлар, бошқарма ва идоралар раҳбарларининг ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотлари давомида билдирилган фикрлар асосида ҳамда йил якунларидан  келиб чиқиб, 2024 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланган, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. –  Жумладан, оғир тоифага киритилган 24 минг 247 нафар ёшдан 6177  нафарининг ишсизлик бўйича, 4642 нафарининг даволаниш бўйича, 2093 нафарининг касб ва хорижий тилни ўрганишга оид ҳамда 9335 нафарининг бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш режалаштирилган. 33 минг нафардан ортиқ ёшни “Ёшлар бандлик дастури” орқали қамраб олиб, ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш, субсидия ва ер ажратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, 37 минг нафарга яқин ёш “Ёшлар дафтари” электрон платформасига киритилиб, уларга 58 миллиард сўмлик амалий ёрдам кўрсатилади.

2023 йилда вилоятимиз ёшлари “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг икки босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этди. Янги йилда бу натижаларни янада мустаҳкамлаш учун вилоят бўйича 962 минг нафар йигит-қизни мазкур ташаббусга қамраб оламиз. Иқтидорли ёшларни излаб топиш, истеъдодини рўёбга чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш мақсадида 195 минг нафар йигит-қиз “Ибрат фарзандлари” Youtube платформасига, 170 минг нафари “lbrat Academy” мобил иловасига, 128 минг нафари “UzChess” лойиҳасига, 98 минг нафари волонтёрлик ва лидерлик лойиҳаларига, 116 минг нафар ёш эса турли интеллектуал ўйинларга жалб қилинади.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил юртимизда “Ёшларни ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланиши бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириши табиий. Аввало, бу эътибор барча самарқандлик ёшлар қалбини қувончга тўлдирганини таъкидлашни истардим. Шу кеча-кундузда қаерга бормайлик, қайси тенгдошимиз билан гаплашмайлик, бошланаётган йил улар ҳаётида ўчмас из қолдирадиган йил бўлишига ишончи мустаҳкамлигини билдирмоқда. Ўзимиз ҳам илк кунларданоқ бу йилнинг масъулияти жуда юқори бўлиши, ишларимиз ҳар қачонгидан кўпайишини ҳис қилиб турибмиз. Ва бу йўлда шижоат билан меҳнат қилишга тайёрмиз.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири