ИИВ Навоий академик лицейида “Муқаддас бурч” газетаси таҳририяти ва Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Ёшларга эътибор – келажакка эътибор” мавзусида тадбир ташкил этилди.
“Муқаддас бурч” газетаси 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан “Аҳоли қатламлари, айниқса, ёшларни ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш ва тиббий ҳамда экологик маданиятини юксалтириш” мавзусидаги давлат гранти лойиҳасида иштирок этиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида кенг тарғибот ишларини амалга оширишда замонавий инновацион ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш мавзусида “Ёшларга эътибор – келажакка эътибор” лойиҳаси ғолибига айланган эди.
Бугунги кунда вояга етмаганлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлигининг олдини олиш ва уларнинг содир этилишига шароит туғдирувчи вазиятларни бартараф қилиш давлат ва жамият олдида турган асосий вазифалардан саналади.
[gallery-23536]
Маълумотларга кўра, 2024 йилда вилоятда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 71 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 6 нафар вояга етмаган ёшлар ўртасида 7 та жиноят содир этилган.
Ёшларимиз томонидан содир этилаётган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, уларнинг аксарияти ота-оналар томонидан фарзандларини назоратсиз қолдириши, уларнинг бўш вақтлари мазмунли ташкил этилмаслиги, оилада фарзандларга меҳр кўрсатилмаслиги оқибатида келиб чиқмоқда.
Вояга етмаганларнинг жиноят содир этиши келгусида уларнинг жиноятчи бўлиш эҳтимолини оширади ҳамда бу ҳолат юртимиз тараққиётига ўзининг салбий таъсирини ўтказади.
Тадбирда лицей ўқувчилари томонидан мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Тадбир сўнггида фаол ўқувчиларга таҳририят томонидан китоблар тўплами совға қилинди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари