English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларга эътибор – келажакка эътибор
12:38 / 2024-08-28

Андижон вилояти аҳолисининг қарийб 55 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бугунги кунда бутун мамлакатда бўлгани каби вилоятда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, муаммоларини ҳал этиш, тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш, тарбияси оғир, жиноятчиликка мойиллиги бор ёшлар билан ишлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида “Ёшлар дафтари” га киритилган 15 минг  856 нафар ёшларнинг 9 минг 127 нафарига кўмак кўрсатилди. 1 минг 869 нафар йигит-қизнинг ўқиши учун тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилди. Умуман,  ёрдам кўрсатилган ёшларнинг қолган қисмига сафарбарлик чақирув резерви, замонавий касбларни эгаллаши, илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишлари танловларида, фан олимпиадаларида қатнашиш харажатлари қоплаб берилди. Ҳозирда вилоятда 6 минг 674 нафар ёшларни “Ёшлар дафтари” дан чиқариш чоралари кўрилмоқда.

– Йилнинг ўтган даврида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш учун 19 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Ойбек Юлдашев. – Шундан 13 миллиард 140 миллион сўми “Ёшлар дафтари” жамғармаси, 6 миллиард 560 миллион сўми эса бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, вилоятда 15 минг 51 нафар ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “фуқаробай” йўл хариталари ишлаб чиқилган. Бугунги кунга қадар ишсиз ёшларнинг 10 минг 834 нафари ёки 72 фоизининг бандлиги таъминланган. Айни пайтда 8 минг 683 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилда умумтаълим мактабларининг 11- синфини 34 минг нафарга яқин ёшлар тамомлади. Ҳозирга қадар олиб борилган ишлар натижасида 25 минг 996 нафар битирувчининг бандлигини таъминланди. Жорий йилда вилоятдаги 66 та профессионал таълим муассасаларни тамомлаган 16 минг 770 нафар битирувчининг 11 минг 34 нафари “Таълим ва меҳнат бир масканда” лойиҳаси доирасида вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналарига бириктирилган ва келгусидаги иш жойи кафолатланган.

[gallery-18957]

Тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Минглаб ёшларнинг турли йўналиш, соҳалардаги ташаббус, бизнес-режа ва лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур ёрдам кўрсатилмоқда, кредитлар ажратилмоқда. Жумладан, Балиқчи туманида яшовчи ёш тадбиркор Сардорбек Турдиалиевнинг бизнес-режаси қўллаб-қувватланди. Унга 340 миллион сўм кредит ажратилди.

– Туман марказида хорижий тиллар ҳамда IT соҳасини ўқитишга ихтисослашган хусусий мактаб ташкил этдим, – дейди ёш тадбиркор Сардорбек Турдиалиев. – Замонавий ва барча қулайликларга эга муассасамизда ёшларга рус, инглиз тиллари, IT соҳаси пухта ўқитилади. Айни кунда бу ерда 600 нафардан ортиқ ёшлар таҳсил олмоқда.  

Вилоятда бу каби ёшлар жуда кўп. Масалан, Марҳамат тумани Шўрқақир маҳалласида яшовчи Бобуржон Абдуллаев ҳам ана шундай ёш тадбиркорлардан бири. У ўзига ажратилган 33 миллион сўм миқдордаги кредитдан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтирди. 

Бобуржон ўзи яшаётган маҳаллада пеноблок, шлакоблок маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, 10 нафарга яқин маҳалладошини иш билан таъминлаган. Келгусида у ишлаб чиқараётган қурилиш маҳсулотлари тури ва ҳажмини  кўпайтиришни режа қилган. 

Ёшлар билан бевосита ишлаш, ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларга тўла барҳам бериш мақсадида вилоятдаги ҳар бир маҳаллага камида бир нафардан ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органлари ходимлари бириктирилди, шахсий таркиб ходимлари томонидан 301 мингта ёшлар оталиққа олинади. 

Бугунги кунда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари тавсияси асосида ҳар бир маҳалладан уч нафардан, жами 2 минг  727 нафар ҳарбий хизматга ва ҳарбий касбга қизиқувчи ватанпарвар, фидойи ва фаол ёшларнинг рўйхати шакллантирилди. Уларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ва юбориш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.   

Вилоятда жиноят содир этишга мойиллиги бўлган ёшларнинг рўйхати шакллантирилган. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда рўйхатга киритилган ҳар бир ёш бўйича алоҳида “ҳаракатлар режаси” ишлаб чиқилди. Улар билан манзилли ишлаш ва қўшимча тарғибот ишлари олиб бориш натижасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 90 та маҳалла “Ёшлар жиноятчилигидан холи ҳудуд” га айлантирилди. 

Ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва қобилиятларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг жорий йил  мавсумини юқори савияда ўтказиш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. 

Вилоятдаги 734 минг нафардан зиёд “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг жорий мавсумдаги тадбирларида қатнашиш учун онлайн платформа орқали рўйхатдан ўтган. Енгил атлетика, стол тенниси  ва бошқа мусобақаларнинг республика босқичида андижонлик ёшлар 2 та олтин, 4 та кумуш, 2 та бронза медалларини қўлга киритди. 

Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Жумладан, 336 нафар ёшнинг замонавий касбларга ўқиши, маҳаллий ва халқаро олимпиадаларда қатнашиши учун 1 миллиард 956 миллион сўмдан зиёд харажатлар “Ёшлар дафтари” жамғармаси  ҳисобидан қоплаб берилди. Шунингдек, ёшлар “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа” каби лойиҳаларга жалб этилди. 

Бир сўз билан айтганда, Андижон вилоятида ёшлар билан ишлаш бўйича белгиланган ишлар режа асосида, тизимли равишда олиб борилмоқда. Бу ишлар энг аввало ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, жамиятда, ҳаётда ўз ўринини топишларига яқиндан ёрдам бермоқда. 

Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари