Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги муносабати билан ФВВ академияси ва қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан "Ватанпарварлик ойлиги" доирасида бир қатор лойиҳалар илгари сурилиб, тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар ҳудудий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ҳамкорлигида "Миллий армия – Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони" шиори остида "Ватанпарвар лидерлар" ҳарбий синовлари ташкил этилди.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги 90 дан ортиқ Олий таълим муассасаларининг ёшлар етакчилари "Ватанпарвар лидерлар" лойиҳасида жам бўлди. Мазкур лойиҳа Тошкент шаҳридаги бир миллиондан ортиқ ёшларнинг етакчиларини ҳарбий интизом ва ватанпарварлик руҳида бирлаштиришни мақсад қилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида ташкил этилган тадбирда иштирокчиларга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ҳарбий хавфсизлик ва Мудофаа университети фаолияти, замонавий таълим- тарбия имкониятлари, яратилган имкониятлар ҳамда Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.

Тадбирда иштирокчилар югуриш, арқон тортиш, турникда тортиниш, АК-74 ва ПМ қуролларини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, замонавий отиш тренажёридан меъёрларни бажариш ва яна шу каби машқларни тажрибали мутахассислар назоратида бажарди.


Бу синовлар ҳар бир етакчининг ўзига бўлган ишончини ошириб, лидерлик қобилиятларини янада тоблашга хизмат қилди. Куннинг иккинчи ярмида эса якуний баллар ҳисобланиб, энг юқори натижа кўрсатган жамоалар аниқланди. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА