Наманган ҳарбий прокуратурасида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда вилоят фавқулодда вазиятлар ва мудофаа ишлари бошқармалари ҳамкорлигида “Жасорат синфи” ўқувчилари учун “очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
Тадбир доирасида ўқувчи ёшлар ҳарбий прокуратура биносидаги хизмат хоналари, фаолият жараёни билан танишди. Шунингдек, муассаса тарихига оид маълумотлар тақдим этилди. “Маънавият бурчаги”даги экспозициялар ёшларда ёрқин таассуротлар уйғотди. Тадбирнинг амалий қисмида ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш қилинди.


Ёшлар ҳарбий тайёргарлик, интизом ва жамоада ишлаш кўникмаларини кузатиш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, раҳбарлар ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилиб, унда юртимизда ёш авлодга қаратилаётган ғамхўрликлар, имконият ва имтиёзлар, эртамиз эгаларининг таълим олиши, касб танлаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида атрофлича тўхталинди.


Бундай тадбирлар ёшларда ватанпарварлик туйғусини кучайтириш, ўғил қизларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти билан яқиндан таништириш ва келгуси касб танловида ёрдам беришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА