Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар – жамият тараққиётининг бунёдкор кучи
06:50 / 2024-02-25

Акс-садо

“Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида олий таълим, хусусан ёшларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ташаббускорлигини тўла қўллаб-қувватлаш ва амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар белгилаб берилган. Мамлакатимизда ёш авлодга таълим-тарбия бериш, халқхўжалиги учун юқори малакали етук кадрлар тайёрлаш масаласининг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши бежизга эмас. Жамиятимизда юз бераётган ислоҳотларнинг тезкорлиги, таълим муассасаларига қўйилаётган янгидан янги талаблар, ёшларга берилаётган кенг ислоҳотлар шундан далолат бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид бўлаётган ўзгаришларга жиддий эътибор бераётганлиги олий таълим нуфузини ошириш, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида ўзаро соғлом рақобатни кучайтириш зарурлигини тақозо этмоқда. Бу эса ўзига хос ва мос равишда ўқитувчи-педагогларнинг ўз устида тинимсиз ишлаши, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш, инновацион таълим технологияларини ўзлаштириш ва машғулотлар жараёнига татбиқ этиш, илмий-методик изланишлар кўламини кенгайтириш билан бир қаторда одоб-ахлоқи, дунёқарашининг кенглиги, фидоийлиги ва ватанпарварлиги билан ҳам ёшларга ўрнак бўлиши кераклигини англатади.  

Бугунги кунда Бухоро давлат педагогика институтида 11 мингга яқин талаба-ёш таҳсил олмоқда. 2023 йилда 2640 нафар йигит-қиз талаба деган юксак номга мушарраф бўлди. Институтимиз талабалари орасида 1 нафар Президент стипендияси соҳиби, 5 нафар номли давлат стипендиялари совриндори таҳсил олмоқда. Шунингдек, 5 нафар жаҳон, 6 нафар Осиё ва 42 нафар республика чемпионлари ҳам бизнинг фахримиз ҳисобланади. Институт ёшларининг маънавий камолотини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида мунтазам равишда институт талабалари ўртасида “Китобхон талаба”, “Интеллектуал олимпиада ҳафталиги”, “Бухоро тарихи”, “Zakovat ladies”, “Талабалар театр студияси”, “Спорт бизни бирлаштиради”, “Моҳир қўллар” кўрик танловлари ташкил этиб келинмоқда. “Устоз-шогирд” анъаналарини мақсадли равишда давом эттиришнинг такомиллаштирилган механизми ишлаб чиқилган. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали ташкил этиш мақсадида юртимизнинг тарихий жойлари, сўлим табиат гўшаларига ички туризм асосида режали равишда саёҳатлар амалга ошрилмоқда.

Институтда фаолият кўрсатаётган ахборот-ресурс, волонтёрлик, хорижий тилларни ўргатиш марказлари холис, беминнат хизматларидан талаба-ёшлар баҳраманд бўлмоқда. Ёшларнинг иқтидори ва қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган фан тўгаракларида талабалар фаол иштирок этмоқда. Уларнинг ўз мутахассисликлари бўйича олган билимлари янада мустаҳкамланиб, касбга оид компетенциялари ривожлантирилмоқда. Бу эса фан олимпиадаларига тайёрланишнинг дастлабки босқичи ҳисобланиб, унда эгалланган билимлар ёшларда инновацион ғояларнинг яратилишига асос бўлиб хизмат қилади.

Умуман олганда, институтимизда таҳсил олаётган бугунги ёшларнинг эртанги кунга ишончи қатъий, ўз касбининг малакали мутахассиси бўлиб етишиши учун институт жамоаси барча шарт-шароитни яратишга астойдил бел боғлаган. Чунки, мамлакатимиз келажаги ўз мустақил фикрига эга, теран мулоҳаза юритувчи, ўз она юртини дунёга танитувчи ёшларга боғлиқ.

Баҳодир Маъмуров,

Бухоро давлат педагогика институти ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.

ЎзА