Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар – юртимиз истиқболини белгиловчи куч, ёруғ келажагимиз бунёдкорлари
10:37 / 2021-08-18

Ҳозирда кўряпмизки, ёшларга эътибор бериш, келажак авлод билимига ва юксалишига инвестиция киритиш давлатнинг ривожланиши учун энг самарали йўлдир. Буюк француз сиёсий арбоби Алексис Токвиль айтганидек, “Демократик давлатларда ҳар бир янги авлод – янги халқдир”. Шундай экан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги давр талабидир.

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Ўз навбатида, мазкур тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан тўлиқ ёшларга оид 40 дан ортиқ қонунлар қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган. Ушбу қабул қилинган ҳужжатларнинг сифатли ижроси устидан мунтазам таъсирчан парламент назорати ўрнатилган.  

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати – “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун эканида ҳам рамзий мазмун-моҳият мужассам. Аҳолисининг ярмидан кўпи ёшлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, мақсадга интилувчан, комил шахслар сифатида тарбиялаш мамлакат ривожи учун муҳим омилдир.  

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йилда Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тасдиқланиб, ушбу ҳужжат орқали тадбиркорлик, стартаплар, ғоялар ва лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш янги босқичга кўтарилди. 2020 йилда эса ёшлар йўналишида яна бир муҳим қадам ташланиб, Президентимиз қарорига биноан мамлакатда ёшлар сиёсатини амалга оширувчи давлат ташкилоти – Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. Ёшларни юқори даражада рағбатлантириб бориш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди.  

Шу билан бирга, 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили, деб эълон қилинди ва ушбу соҳани ривожлантириш юзасидан Давлат дастури қабул қилиниб, ёшлар сиёсатини ривожлантиришнинг 5 йиллик стратегияси ишлаб чиқилди. Биргина, 2021 йилнинг ўтган даврида ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими ҳисобланган “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” асосида 430 минг нафар йигит-қизнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ ажратилди.  

Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати парламент фаолиятининг янги босқичга чиқишида ўз таъсирини кўрсатди, десак айни ҳақиқатдир. Хусусан, қизғин сиёсий курашлар остида ўтган охирги сайловлар натижасида парламент қуйи палатаси депутатларининг 9 нафарини ёшлар ташкил этади. Бу кўрсаткич ўтган чақириққа нисбатан қарийб 3 фоиз кўпдир. Аҳамиятли томони, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари халқаро майдонда ёшлар манфатини ифода этишда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Масалан, палатанинг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси Абдулло Аслонов Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламентарийлар форуми аъзоси сифатида сайланди. Парламентдаги ушбу ижобий ўзгаришлар таниқли сиёсатчи, Парламентлараро Иттифоқнинг Бош котиби жаноб Мартин Чунгонг томонидан юқори даражада баҳоланди. Хусусан, дунё аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмаслигини, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоизни ташкил этиши таъкидланди.

Шу ўринда айтиш жоизки, ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш ва уларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб қилиш мақсадида 2020 йил Парламентнинг икки палатасида алоҳида Ёшлар парламентлари ташкил этилди ва уларга жами 350 нафар фаол ёшлар сайланди. Ёшлар парламенти ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг парламентаризми соҳасида ўз ўрнини топди. Бугунги кунда ушбу тузилма том маънода, парламент ва ёшлар ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда. Ёшлар парламенти аъзолари Қонунчилик палатаси, фракция ва қўмиталар мажлисларида доимий равишда иштирок этиб келмоқда.  

Жорий йилнинг 22 июнь куни Ёшлар парламенти аъзолари Қонунчилик палатасида Парламентлараро Иттифоқнинг бош котиби, жаноб Мартин Чунгонг иштирокида “Мен парламентда ёшларни қўллайман” чорлови остида ташкил этилган Ёшлар форумида иштирок этди. Мазкур ташаббус сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизларимизни парламент аъзоларига бириктириш, Қонунчилик палатаси ва Сенатдаги каби маҳаллий Кенгашларда ҳам ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этиш орқали давом эттирилади.  

Бугунги кунда Ўзбекистондаги ёшларга оид давлат сиёсати йўналишидаги ташаббуслар халқаро майдонда ҳам давом этмоқда. Шу ўринда, 2017 йилнинг 19 сентябридаги Ўзбекистон Республикаси Президентиннинг БМТ Бош Aссамблеясида ёшлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи механизмни ташкил этишда БМТнинг “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро Конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу ғоя жаҳон ҳамжамияти томонидан долзарб масала сифатида илиқ қабул қилиб олингани ҳам бугун дунёда ёшлар масалалари катта аҳамият касб этишини кўрсатади. Шунингдек, жорий йилнинг 22 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш таклиф этилди.  

Яна бир муҳим масала, “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон томонидан Ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузиш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур ташаббуснинг мантиқий давоми сифатида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувида давлатимиз раҳбари келгуси йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказишни таклиф этди. Бу мамлакатларимиз ҳукуматлари ва ёшлари ўртасида ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш, интерфаол мулоқотни йўлга қўйиш учун платформа шакллантиришда муҳим қадам бўлади.  

Бир сўз айтганда, ўтган қисқа давр ичида Ўзбекистонда ёшлaр ҳуқуқлaрини ҳимоя қилиш ҳaмдa улaрнинг ижтимоий-сиёсий фaоллигини ошириш бўйича ёшларга хос янги иқлим шаклланди. Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, ёшларга оид давлат сиёсатини жадаллаштириш борасида қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек, унинг ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш ишлари давом этади ва бу парламент фолиятининг устувор йўналиши сифатида бўлиб қолади. Зеро, давлатнинг стратегик ресурси бўлмиш ёш авлод юртимиз истиқболини белгиловчи куч, ёруғ келажагимиз бунёдкоридир.  

 

Одилжон ТОЖИЕВ,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари.