Муносабат
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси ташкил қилинди. Ёш авлоднинг соғлом ўсиши, сифатли таълим олиши ва баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва китоб ўқишга бўлган қизиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “беш муҳим ташаббус” лойиҳаси доирасида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Қолаверса, 30 июнь санаси мамлакатимизда алоҳида Ёшлар кун сифатида белгиланди. “Ҳаракатлар стратегияси”, “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси”, “Ўзбекистон – 2030” стратегиялари ҳамда 2026 йилги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” Давлат дастури доирасида ҳам ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қартилган мақсад ва вазифалар белгиланиб ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиб келинмоқда.
Шунингдек, мазкур ҳафтада бўлиб ўтган Президентимизнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти мамлакатимизда ёшлар сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилганини яна бир бор намоён этди. Мулоқотда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшлар улкан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий кучдир. Бугунги Янги Ўзбекистон тараққиёти, унинг рақобатбардош иқтисодиёти ва очиқ жамияти айнан ана шу ёш авлоднинг билим-салоҳияти, ташаббускорлиги ва фаоллиги билан бевосита боғлиқ.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, яратилган имкониятлар натижасида ёшларимиз халқаро майдонларда муносиб натижаларни қайд этмоқда. Жаҳон фан олимпиадаларида қўлга киритилган 66 та олтин, 147 та кумуш ва 221 та бронза медали бу таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Гарвард, Йель, Принстон, Колумбия, Корнелл каби дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларимиз сони 500 нафардан ошгани, TOP-100 талик олийгоҳларда ўқиётганлар 3,5 минг нафарга етгани мамлакатимиз таълим тизими жаҳон майдонига дадил кириб бораётганидан далолатдир.
Учрашувда мутлақо янги ёндашув сифатида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” этиб белгиланиши катта аҳамиятга эга бўлди. Энди шу куни раҳбарлар маҳалла, мактаб ва техникумларга бориб, ёшларнинг муаммоларини тинглайди ва уларни жойида ҳал этади.
Ҳокимлар ёшларга хос савдо-сервис лойиҳаларини амалга ошириши, стартапчилар билан учрашувлар ўтказиши, грант ва маблағлар ажратиши белгиланди. Энг яхши фермер, стартапчи, ижодкор ва бошқа соҳаларда фаол ёшлар учун танлов ва ярмаркалар ташкил этилади. Бу ёшларни фаоллик, ташаббускорлик ва рақобатбардошликка ундайди.
Қолаверса, ҳар йили 600 минг ёш меҳнат бозорига кириб келаётган шароитда уларни иш билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди. Ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, уларнинг учдан бири тадбиркор бўлиш истагини билдирган. Шу боис ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши эълон қилинди.
Шунингдек, “Келажак тадбиркори” дастури доирасида 7 йилгача 15 фоизли кредитлар берилиши, ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз кредитлар ажратилиши, йирик лойиҳалар учун 10 миллиард сўмгача маблағ тақдим этилиши ёш бизнес эгалари учун улкан имкониятдир. Шу билан бирга, ҳар бир ҳудудда “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилиши эса ёшларни ғоядан тайёр бизнесгача бўлган жараёнда комплекс қўллаб-қувватлашни таъминлайди.
Юртимиздаги барча оилага кириб борган муҳим ташаббус бу – ёш оилалар учун ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкасининг бир қисмини давлат томонидан қоплаб берилиши бўлди. Сабаби, ушбу ташаббус уларнинг уй-жой шароитини яхшилашга хизмат қилади.
Шунингдек, китобхонликни оммалаштириш, энг яхши асарларни таълим муассасаларига етказиш, ижодкорларни рағбатлантириш чоралари ёшлар маънавиятини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамлардир. “Иккинчи имкон” лойиҳаси орқали жазони ўтаб чиққан ёшларни касбга ўқитиш ва жамиятга қайта интеграция қилиш эса инсонпарвар сиёсатнинг ёрқин намунасидир.
Мухтасар айтганда, ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар комил инсон сифатида вояга етиши учун замин яратади. Ёшларга берилаётган бу каби эътибор, охир-оқибат, ўз мевасини бермасдан қолмайди албатта.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси,
Юнусобод туманидаги 50-оилавий поликлиника мудири.
ЎзА