Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар – Янги Ўзбекистон ислоҳотларида
15:02 / 2026-01-01

2025 йил 26 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва халқимизга тақдим этилган Мурожаатнома миллионлаб ёшлар қатори менда ҳам чуқур ўй-хаёл, катта масъулият ва юксак ишонч уйғотди. Бу мурожаат нафақат давлатимизнинг бугунги ютуқлари сарҳисоби, балки биз – ёшлар олдига қўйилган улкан вазифалар ва ишонч рамзи бўлди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар марказида инсон, айниқса, ёш авлод манфаатлари турибди. Таълим, илм-фан ва инновация соҳаларида яратилаётган шарт-шароитлар Ўзбекистон тараққиётида муҳим ўрин тутмоқда. Президент ташаббусларида ёшлар салоҳиятига бўлган ишонч ва эътибор устувор аҳамият касб этмоқда.

Мурожаатномада кўплаб соҳалар билан бир қаторда таълим тизимини тубдан янгилаш, техникумлар ва олий таълим муассасаларини замонавий касблар ҳамда технологиялар билан уйғунлаштириш, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, илмий изланишлар учун кенг имкониятлар яратиш режалари белгиланди. Бу имкониятлар ёшлар учун нафақат ҳуқуқ, балки улкан масъулият ҳамдир. Чунки бугун яратилаётган шароитлар эртанги кун натижасини талаб қилади.

Президентимиз ёшларни фақат билим олувчи эмас, балки иқтисодиётнинг фаол иштирокчиси, тадбиркор, инноватор ва етакчи куч сифатида кўрмоқда. Ёшлар тадбиркорлиги учун ажратилаётган маблағлар, имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари бизни мустақил фикрлашга, ташаббус кўрсатишга ҳамда Ватан равнақи йўлида мардона меҳнат қилишга чорлайди. Бу ишончни оқлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Мен ёш авлод вакили сифатида шуни қатъий айта оламанки, Президентимиз томонидан билдирилган ишонч ва яратилаётган имкониятлар бизни янада кўпроқ изланишга, чуқур билим олишга, замонавий касбларни эгаллашга ундамоқда. Бугун илм олиш – бу шахсий ютуқ эмас, балки мамлакат тараққиётига қўшилаётган ҳиссадир. Ҳар бир ўрганилган билим, эгалланган касб Янги Ўзбекистоннинг пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маҳалла институтининг ривожлантирилиши, тарбия ва ижтимоий бирдамликка берилаётган эътибор эса бизни фақат малакали мутахассис эмас, балки ватанпарвар, масъулиятли ва жамият тақдирига бефарқ бўлмаган инсонлар бўлиб вояга етишимизга замин яратмоқда. Чунки кучли жамият кучли маҳалладан, кучли маҳалла эса онгли ва билимли ёшлардан бошланади.

Бугун Ўзбекистон олдига қўйилган улкан мақсадлар – иқтисодий ўсиш, технологик тараққиёт, экологик мувозанат, адолатли жамият қуриш барчаси ёшларнинг бевосита иштирокини талаб қилади. Мен ва менинг тенгдошларим ушбу вазифаларни чуқур англаган ҳолда ўз билимимиз, меҳнатимиз ва ташаббусларимиз билан мамлакатимизнинг энг муҳим драйверларини ривожлантиришга хизмат қилишга тайёрмиз.

Президентимиз таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳал қилувчи босқичга кирди. Бу йўлда ёшлар билим ва меҳнат, ватанпарварлик руҳи билан фаол иштирок этмоқда. Бугун яратилаётган имкониятлар эртага тарих олдидаги масъулиятимиздир.

Янги Ўзбекистон ёшларидан бири сифатида Президентимиз томонидан билдирилаётган ишонч ва яратилаётган шароитлар учун миннатдорлик билдираман. Ушбу ишончни оқлаш, билим олиш ва Ватан равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш менинг ҳаётий мақсадимдир.

Мирдодожон Бабаев,  

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ёш олими, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби.

ЎзА