Андижонда “Мурожаатнома – янги меҳнат бозори ва таълим имкониятлари гарови” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан ташкил этилган давра суҳбатида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Оила ва хотин-қизлар, Касбий таълим ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармалари мутасаддилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари раҳбарлари, талаба ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка кенг етказиш, унда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида сўзга чиққан Андижон вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Феруза Рустамова, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахонов ва бошқалар Президент Мурожаатномаси ёшлар ва хотин-қизлар учун эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч кафолати, аниқ мақсад ва вазифаларни ўз ичига олган амалий ҳаракат дастури эканини таъкидлади. Қайд этилганидек, ушбу ҳужжатда белгиланган устувор вазифаларнинг самарали амалга оширилиши келгусида ишсизлик даражасини сезиларли камайтириш ва аҳоли даромадларининг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилади.

Мурожаатноманинг 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалари марказида – инсон капиталини ривожлантириш, ички талабни ошириш орқали барқарор иш ўринлари яратиш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш каби муҳим масалалар ўрин олганлиги алоҳида қайд этилди.
Хусусан, Мурожаатномада 2026 йилда 1 миллион нафардан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш бўйича янги тизим эълон қилинди. Эндиликда асосий эътибор фақат иш билан таъминлаш эмас, балки юқори даромадли, барқарор иш ўринларини яратишга қаратилади.

Бу борада инновацион тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг стартап лойиҳаларини молиялаштириш учун давлат томонидан алоҳида “Инновацион бандлик” жамғармаси маблағларини йўналтириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, тадбирда давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида “таълим сифати – бандлик кафолати” тамойили асосида 2026 йилдан бошлаб касб-ҳунарга ўқитиш тизими меҳнат бозорининг реал талабларига мослаштирилиши масалаларига эътибор қаратилди.
Айниқса, рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологияларини ривожлантириш учун чекка ҳудудлардаги қизлар учун “Digital-Lady” дастури ишга туширилиши, бунда уларга масофавий хизматлар орқали жаҳон бозорига чиқиш ўргатилишига урғу берилди.
Шунингдек, мономарказларда хорижий экспертлар иштирокида саноатнинг юқори технологик йўналишлари бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилиши, дуал таълимни янада оммалаштириш мақсадида профессионал таълим муассасаларининг 70 фоиздан ортиғи дуал таълим тизимига ўтказилиши белгиланган.
Шу билан бирга, хотин-қизлар учун имтиёзли грантлар ажратилиши, магистратура ва докторантура босқичида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракт тўловларини давлат томонидан тўлаб бериш тизими янада соддалаштирилиши ва кўлами кенгайтирилиши кўзда тутилган.
Давра суҳбати иштирокчилари мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросини самарали амалга ошириш, бу борада кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирди.
Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан таклиф ва амалий тавсиялар илгари сурилиб, амалга оширилиши зарур вазифалар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари