Бугунги кунда ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар учун барқарор даромад манбаларини яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинган. Бу борада қабул қилинаётган қарорлар, амалга оширилаётган дастур ва лойиҳалар аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Ана шу мақсадда O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Аёллар муаммоларини ўрганиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида Гулистон шаҳрида жойлашган “Real school” ўқув марказида ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳияти кенг муҳокама қилинди.

Тадбирда “Real school” ўқув маркази директори Кўпайсин Раҳматов, Гулистон шаҳар 7-умумтаълим мактаби директори Наргиза Зафарова, олий тоифали тарих фани ўқитувчиси Бахтиёр Юлдашев, партия вилоят Кенгаши Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими мудири Элёр Жўраев ҳамда Тиббиёт техникумида таҳсил олаётган ўқувчи ёшлар иштирок этишди. Мулоқот давомида таълим ва касб-ҳунар ўргатиш орқали ёшлар ва хотин-қизларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Таъкидланганидек, Президент Мурожаатномасида ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш иқтисодий тараққиёт билан бир қаторда ижтимоий барқарорликнинг муҳим омилларидан бири сифатида қайд этилган, – дейди Наргиза Зафарова. – Унда белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши ишсизлик даражасини камайтириш, аҳоли даромадларини ошириш, айниқса, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш учун мустаҳкам замин яратади.

Учрашув давра суҳбати шаклида ўтиб, иштирокчилар томонидан ёшлар ва хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш, касбий таълимни иш берувчилар эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, хусусий сектор ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш борасида қатор фикр ва таклифлар билдирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири