Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар ва устозлар учрашди
18:56 / 2025-12-18

Сирдарё вилояти адлия бошқармасида “Уч авлод учрашуви” номли тадбир бўлиб ўтди. Унда Адлия вазирлиги фахрийлар кенгаши, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда “Мадад” ННТ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирнинг асосий мақсади — ёш кадрлар ва фахрий устозлар ўртасида яқин мулоқотни таъминлаш, адлия тизими қадриятлари ва касбий тажрибани ёш авлодга етказиш эди. Мазкур учрашув очиқ ва самимий муҳитда ўтди, унда фахрийлар ўз ҳаёт йўли, касбий фаолиятлари ва адлия тизимида хизмат қилиш шарафи ҳамда масъулияти ҳақида ёш ходимлар билан фикр алмашдилар.

Ёшлар устозларнинг ҳаётий ва касбий маслаҳатларидан илҳом олдилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Шунингдек, тадбирда ёшларнинг фаоллиги алоҳида эътироф этилди ва фаол иштирокчилар рағбатлантирилди.

–  Бундай учрашувлар ёшлар учун нафақат касбий билим олиш имкониятини беради, балки маънавий тарбия олиш  учун ҳам жуда муҳим, –  дейди "Мадад" ННТ раҳбари, фахрий Шокир Саидов. –  Чунки ёшларимиз фахрийлар тажрибасидан ўрнак олади, уларнинг маслаҳатлари билан касбий ва маънавий камолотга эришади.

Сирдарё туман юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти Одилжон Эргашев эса ўз таассуротини шундай баён қилди:

– Учрашувда устозларимизнинг ҳаётий ва касбий  ишларидан катта илҳом олдим. Ёшлар билан бевосита мулоқот қилиш имконияти, уларнинг саволлари ва қизиқишларини кузатиш менга адлия тизимидаги масъулиятимни янада чуқур ҳис қилишимга ёрдам берди. Бундай тадбирлар ёш кадрлар учун ҳақиқий  мактаб вазифасини ўтайди.

Мулоқот якунида фахрийлар ва ёшлар ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, касбий ва маънавий кўникмаларни узлуксиз ошириш бўйича режалар ишлаб чиқилди.  

Ғулом Примов, ЎзА мухбири