Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида O‘zLiDeP вилоят Кенгаши Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими ташаббуси билан “Ёш сиёсатчилар лигаси” лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди. Унда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар муҳокама этилди.
O‘zLiDeP вилоят Кенгаши бўлими мудири Элёр Жўраев таъкидлаганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида илгари сурилган ғоялар ёшлар учун янги йўналишлар очмоқда. Бу ислоҳотлар натижасида минглаб микро ва кичик корхоналар қисқа муддатда катта бизнес субъектларига айланмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисодиёт 7,2 фоизга ўсди, йирик корхоналар сони эса янада ортиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, сўнгги саккиз йилда иқтисодиётга 230 миллиард доллар инвестиция йўналтирилиб, уларнинг 120 миллиарддан ортиғи хорижий сармояга тўғри келади. Шу билан бирга, хусусий секторда иш ўринлари 811 мингтага кўпайиб, ишчилар сони 3 миллионга етди. Ойлик иш ҳақи фонди 22 фоизга ўсиб, ўртача маош 5 миллион сўмга яқинлашди.

Ёшларнинг билим ва салоҳиятини тадбиркорликка йўналтириш ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Масалан, “Ibrat Academy” мобил иловаси орқали 124 мингдан зиёд ёш 23 хорижий тил бўйича бепул таълим олди, улардан 20 минг 500 нафари сертификатга эга бўлди. Миллий ва халқаро имтиҳонларда юқори натижага эришган 125 нафар ёшнинг харажатлари давлат томонидан қопланди.
Сирдарё вилояти аҳолиси 914 минг нафарни ташкил этса, уларнинг 49,8 фоизи ёшлардир. Жумладан, 199 минг 855 нафар 14–30 ёшли ёшлар мамлакат келажагини белгилаб берувчи асосий куч сифатида шаклланмоқда.

Асосийси, очиқ ва самимий тарзда ўтган тадбир давомида ёшлар нафақат тадбиркорлик соҳасидаги янгиликлар билан танишдилар, балки ўз ғоя ва ташаббусларини илгари суриш, шунингдек, қизиқтирган саволларига ҳам атрофлича жавоб олиш имкониятларига эга бўлишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири