Экологик муаммолар бугун глобаллашув даврининг энг ўткир муаммоларига айлангани ҳеч кимга сир эмас.
Пойтахтимиздаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда "Ёшлар ва иқлим таълими" қўшма дастури доирасида 70 нафар ёш "яшил элчилар" учун уч кунлик ўқув машғулотнинг очилиши бўлиб ўтди.
Мазкур долзарб тренинг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури, "Zamin" халқаро жамоат фонди, "Таълим ҳамма нарсадан устун" жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида бугунги дунё миқёсида кескин иқлим ўзгаришига доир масалаларни ўрганишга ёшларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Тренинг машғулотлари асосан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги "Ренессанс" оромгоҳида ўтказилади. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ёш етакчилар иштирок этмоқда.

Дастур доирасидаги машғулотларда Ўзбекистон, айниқса, Оролбўйи ҳудудида иқлим ўзгариши оқибатларини тушунтириш, қурғоқчиликка чидамли дарахтларнинг кўчатларидан ўтқазиш, компост тайёрлаш, чиқиндиларни камайтириш, энг яхши экологик амалиётларни тарғиб етишга оид маҳаллий лойиҳаларни бошлаш учун амалий кўникмалар берилади.
Бу машғулотлар ёшларни атроф-муҳит ва она-табиатни асраб-авайлашга ундайди, уларда иқлимий муаммоларни ҳал этишда масъулият туйғуларини тобора кучайтиришга хизмат қилади.
Машғулотлар замонавий ва интерфаол технологиялар асосида ўтказилиши билан диққатга сазовор.
Иштирокчи гуруҳлар ўз ҳудудларида лойиҳа доирасида ташкил этилган "Ёш яшил элчилар" тармоғини ва аҳолини атроф-муҳитга ғамхўрлик қилишга жалб этиш мақсадида экологик тадбирлар режасини ишлаб чиқишлари кўзда тутилган. Ушбу тадбирлар кўчат ўтқазиш, атроф-муҳитни чиқиндилардан ҳоли сақлаш, табиатни асраб-авайлаш каби кўплаб экологик аҳамиятга эга тадбирларни қамраб олиш билан аҳамиятлидир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири