Тошкент давлат аграр университетида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси, Европа Иттифоқи ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида вазирлик тизимидаги 10 та олий таълим муассасасидаги талаба-ёшлар ўртасида “Ёшлар ва инновацион қишлоқ хўжалиги” кўрик-танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Маълумки, давр талабига мос малакали қишлоқ хўжалиги мутахассисларини тайёрлаш, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий, маънавий билимлари ва саводхонлик даражасини юксалтиришга қаратилган танловларнинг ташкил этилиши талаба-ёшларни илм олишга, янги ғоя ва инновацион ёндашувлар орқали соҳани ривожлантиришдаги иштирокини оширишга замин яратади.

Ушбу танловни ташкил этишдан асосий мақсад ҳам қишлоқ хўжалигига юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида замонавий фикрловчи, турли тармоқ ва йўналишларни бугунги кескин иқлим ўзгариши шароитига мослаштиришга оид илғор фикрга эга, ўзи танлаган ихтисослик бўйича ташаббускор ва фаол талабалар сафини кенгайтириш ва уларни қўллаб-қувватлаш, соҳада ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлашдан иборат.
Мазкур танлов 3 босқичдан иборат бўлиб, дастлаб университет ва институт босқичларида 10 та олий таълим муассасасидан жами 4 минг 99 нафар талаба-ёш иштирок этиш хоҳишини билдирган бўлиб, шундан 1 минг 851 нафарини хотин-қизлар ташкил этди.

Ҳар бир олий таълим муассасасида факультетлар бўйича жамоалар шакллантирилиб, биринчи (ОТМ) босқичи ўтказилди. Бу танловларда 10 та олий таълим муассасасининг 44 та жамоасидан 264 нафар талаба-ёш (шундан 132 нафар хотин-қизлар) иштирок этиб, ғолиб жамоалар якуний босқичга йўлланма олди.
Танловнинг якуний босқичида жамоа аъзолари биргаликда қишлоқ хўжалигининг маълум бир соҳасини инновацион ривожлантириш, ресурс тежамкор технологиялардан “ноу-хау” усулида фойдаланиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш, қишлоқ хўжалигини кескин иқлим шароитига мослаш ва соҳани ривожлантиришга оид таклифлар, бизнес-режа, старт-тап лойиҳаларини намойиш қилди.

Якуний босқич натижалари бўйича ғолиб деб топилган жамоалар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Европа Иттифоқи ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг ҳамкорликдаги “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг “яшил иқтисодиёт”га инклюзив ўтишини қўллаб-қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш (EU-AGRIN)” лойиҳаси томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Танловда фаол иштироки ва ўзларининг маҳоратларини яхши намоён этган жамоалар “Энг қувноқ жамоа”, “Энг аҳил жамоа”, “Креатив фикрлайдиган жамоа”, “Истиқболли жамоа”, “Соҳанинг фаол билимдонлари”, “Энг фаол инноваторлари”, “Энг ташаббускор талабалари” номинациялар бўйича танлаб олиниб, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА