Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш бевосита ишбилармонлик муҳитининг шаклланганлиги билан боғлиқ. Гап шундаки, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги тадбиркорлик ва бизнес олий мактаби Давлат хизматлари агентлиги билан ҳамкорликда ёшларни тадбиркорликка ўқитиш бўйича бепул ўқув семинарлари ташкил этмоқда. Унда келажакда ўз бизнес фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган ёшлар, аёллар иштирок этмоқда.
Мақсад, ёшлар ва хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олувчи аҳоли қатламларида кўникмаларни ривожлантириш, бизнесни бошқаришда етарли амалиёт жорий қилишдан иборат. Айни кунларда ушбу дастур доирасида юздан ортиқ фарғоналик тингловчилар билан сифатли, мутлақо бепул ҳамда амалиётга қаратилган ўқув жараёнлари олиб борилаяпти. Ўқув семинари давомида давлат хизматлари маркази ходимлари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда давлат рўйхатидан ўтиш, илк фаолият учун яратилган молиявий-иқтисодий имкониятлар, ҳужжатларни расмийлаштириш, босқичма-босқич жорий этилаётган янги давлат хизматлари юзасидан маълумотлар берилди.

- Ўқув курслари икки ҳафта давом этади, - дейди Тадбиркорлик ва бизнес олий мактаби Фарғона филиали бўлим бошлиғи Иномжон Исомиддинов. - Унда “Солиқлар ва мажбурий тўловлар, имтиёзлар”, “Кредитнинг молиявий манбалари”, “Маркетинг ва маҳсулотларни самарали сотиш” каби ўнлаб мавзуларда дарслар ўтказилади. Ўқув курсларини муваффақиятли якунлаб сертификатга эга бўлган тингловчилар тижорат банклари томонидан берилаётган имтиёзли кредит маблағларини олишлари ва ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари мумкин.
Марғилон шаҳри ва Бағдод туманида ташкил этилган ўқув семинари якунида иштирокчилар ҳудуддаги корхоналарнинг иш жараёнлари билан таништирилди. Унда амалиёт билан боғлиқ савол-жавоблар бўлиб ўтди. Иштирокчиларга корхонанинг ташкил этилиши, ҳужжат ишларини юритиш, бозорни ўрганиш, маркетинг каби амалий, назарий билим ва кўникмалар берилди.

М.Сулаймонов, ЎзА