Юртимизда Президентимиз ташаббуслари асосида ёшлар сиёсати изчил амалга оширилмоқда.
Ушбу ташаббусларнинг амалий ифодаси сифатида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида ёшларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунар эгаллаши ва маданий-маънавий ҳаётда фаол бўлиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Бу ўзгаришлар нафақат ёшлар, балки аҳоли томонидан ҳам хурсандчилик билан қарши олинмоқда.

Хусусан, туман марказида умумий қиймати 67 миллиард сўм бўлган “Истироҳат боғи” ва “Ёшлар маркази” қурилиши қизғин суръатларда давом этмоқда. Лойиҳа Осиё тараққиёт банки маблағлари асосида маҳаллий бюджет кафолати остида амалга оширилмоқда. Янги масканлар 2026 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

“Ёшлар маркази” 24 та хонадан иборат бўлиб, унда замонавий ИТ технологиялари хонаси, хорижий тиллар кабинети, кутубхона, касб-ҳунар ўргатиш хоналари, тадбирлар зали ва ўқув марказлари жойлашади. Умумий қиймати 17 миллиард сўмга тенг бино ёшларнинг билим олиши, касб эгаллаши ва маданий-маънавий ҳаётда фаол қатнашиши учун муҳим замин яратади.

Шу билан бирга, туманнинг “Тинчлик” маҳалласида логистика маркази ишга туширилди. Бу ерда ёшлар учун 23 та иш ўрни яратилди ва ҳозирда 20 нафар ёш доимий иш билан таъминланди. Яқин кунларда иш ўринларини янада кўпайтириш мақсадида маҳаллий бюджетдан қўшимча 100 миллион сўм ажратилиши белгиланган.

Мазкур ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан журналистлар, блогерлар ва фаол ёшлар учун пресс-тур ташкил этилди. Иштирокчилар қурилаётган объектларда бўлиб, Ховосда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ёшлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.
Масъуллар таъкидлаганидек, янги масканлар фақат дам олиш ва маданий ҳордиқ чиқариш жойи бўлиб қолмасдан, балки ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларини шакллантириши, уларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин топишига ҳам хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири