Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижалари туман ва маҳаллаларда ҳам яққол сезилмоқда. Ҳар бир ҳудудда янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилаётгани, ёш тадбиркорларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани иқтисодиётимизда муҳим ўзгаришларни юзага келтирмоқда.
Бухоро вилояти Қоракўл туманининг Янгизамон маҳалласида истиқомат қилувчи Бобур Жумаев ҳам мана шундай ташаббускор ёшлардан. У ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан 100 миллион сўм имтиёзли банк кредити ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик цех ташкил этди.

Цехда бугунги кунда шлакоблок маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Қурилиш соҳаси ривожланиб бораётган ҳозирги шароитда бу маҳсулотларга талаб юқори бўлиб, ички бозор эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозирги кунда корхонада 6 нафар маҳаллий ёшлар доимий иш ўрни билан таъминланган. Бобур Жумаевнинг айтишича, келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириб, қўшимча 4 та янги иш ўрни яратишни ҳам режалаштирган.

– Мақсадимиз нафақат оиламиз даромадини ошириш, балки маҳалладошларимизни ҳам иш билан таъминлаш. Бугун бошлаган ишимизни эртага кенгайтириб, янги ускуналар олиб келишни, цехимиз фаолиятини янада самарали йўлга қўйишни кўзлаяпмиз. Яратилган имкониятлар ва берилаётган имтиёзлар биз ёш тадбиркорлар учун катта далда бўляпти, –дейди Бобур Жумаев.

Дарҳақиқат, бундай ташаббуслар нафақат бир оиланинг турмуш даражасини яхшилаш, балки бутун маҳалланинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига ҳисса қўшмоқда. Иш ўринлари яратилиши, ёшларнинг бандлиги таъминланиши ва маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарилиш буларнинг барчаси мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги муҳим қадамлардан.
Зариф Комилов, ЎзА