Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқоти мамлакатимиз тараққиётида, айниқса, ёшлар сиёсатида янги босқични, янги имкониятлар даврини бошлаб берди.
Бу ўз навбатида ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва тадбиркорларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратади.
Давлатимиз раҳбари юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшларимиз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканини таъкидлаб, барча даражадаги раҳбарлар ёшларни тил ва касб-ҳунарга ўргатиш, спортга жалб этиш, ғоя, лойиҳа ҳамда стартапларига кўмак бериш, уларни ишли ва даромадли қилиш бўйича янада фаол ишлаши, бирорта йигит-қизни эътиборсиз қолдирмаслигини алоҳида таъкидлади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимида биз ушбу вазифаларни тўлиқ ва сифатли амалга оширишни устувор мақсад деб биламиз. Ёшлар учун билим, инновация ва тадбиркорлик хаби бўлиши, битирувчи эса иш изловчи эмас, балки қиймат яратувчи мутахассис сифатида ҳаётга қадам қўйиши шарт ва бу бизнинг асосий мақсадимиздир.
Мулоқот давомида ёшларнинг фикр ва таклифларини эшитиш, уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда натижага йўналтирилган механизмларни ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Инновацион ғоялар, стартап лойиҳалар, таълим ва бандлик соҳаларидаги ташаббусларнинг тингланиши давлат сиёсатининг очиқлиги ва халқчиллигини яна бир бор намоён этди.
Университетимиз битирувчиларининг 100 нафардан ортиғи томонидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида стартап лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда Миллий банк томонидан 33 нафарига зарур миқдордаги кредит маблағлари ажратилди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятидаги йирик иш берувчи корхоналардан бири бўлган “Сиёб Шавкат Орзу” кўп тармоқли фермер хўжалиги, “СамАнтерГилам” корхонаси ҳамда “Новобод наслли парранда” фермер хўжалиги билан ўзаро ҳамкорлик ва ишга жойлаштириш бўйича шартномалар тузилган. Битирувчи ёшлар ветеринария, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги ҳамда иқтисодиёт тармоқлари бўйича ўқиш даврида пуллик амалиётлар ва келгусида муқаррар иш ўрнига эга бўлиши таъминланяпти.
Президентимизнинг ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилишини эълон қилиши, бу амалий ишларимизни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари тадбиркорликни энди бошлаётган ёшларнинг 30 фоизи бизнес кўникмаси етишмаслиги сабаб қийинчиликка учраётгани қайд этиб ўтди. Шу боис, ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш, ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, банк, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш бўйича комплекс хизмат кўрсатадиган “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилишини таъкидлади.
Университетимизда битирувчи ёшларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашиш мақсадида “Карьера маркази” фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу марказ орқали битирувчилар республикамиз иқтисодиёт тармоқлари бўйича бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар орқали ўзларига маъқул бўлган бўш иш ўринларига эга бўлмоқда. “Карьера маркази” орқали стартап лойиҳаларни тайёрлашда, шунингдек, бизнес лойиҳаларини кўриб чиқиб такомиллаштиришда ва молиялаштиришгача кўмаклашиш юзасидан маълумотлар битирувчи резюмесини тайёрлаш жараёнлари тўлиқ марказ томонидан йўлга қўйилган.
Мулоқотда хорижий олийгоҳлар илғор тажрибалари асосида ёшларни тадбиркорликка ўқитиш мақсадида камида 40 минг ёшни бизнесга ўргатадиган “Янги авлод тадбиркорлари” дастурини бошлаш белгиланганлиги, дастурни муваффақиятли тугатган энг яхши 1 минг нафар ёшнинг лойиҳасига уч йил муддатга 200 миллион сўмгача 7 фоизли ссуда берилиши битирувчи талабаларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида янада кенг имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.
Президентимиз таъкидлаганидек, энди университетлар фақат билим берувчи муассаса эмас, балки инновация, тадбиркорлик ва янги иш ўринлари яратувчи марказга, дуал таълим кенг жорий этилиб, “спин-офф” ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали университет иқтисодий ривожланиш драйверига айланади.
Шу билан бирга, ёшларнинг жисмоний тарбияси ва соғлом турмуш тарзи ҳам Президентимиз эътиборидан четда қолмади. Ёшлар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини кенгайтириш, талабалар лигалари, спорт турнирлари, мусобақаларни ташкил этиш орқали биз соғлом, фаол ва мақсадли ёшларни тарбиялаймиз.
Шунингдек, Президент ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” ўтказилиши белгилангани давлат бошқарувида янги иш услубини жорий этмоқда. Бу кунда раҳбарлар жойларга чиқиб, ёшларнинг муаммо ва таклифларини бевосита эшитади ҳамда уларни жойида ҳал қилиш чораларини кўради. Бу эса мулоқотни расмий ҳисобот эмас, амалий натижага қаратилган тизимга айлантиради.
Худайназар Юнусов,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси,
чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори.
ЎзА