Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги Аграр соҳада билимлар ва инновациялар тизими (AKIS) биносида туман ҳокимининг ўринбосарлари ва битирувчи ёшлар иштирокида амалий учрашув бўлиб ўтди. Ушбу тадбир мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш, соҳани илм-фан ва инновациялар билан бойитиш ҳамда ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Учрашув давомида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўқувчилар ўртасида “Энг яхши стартап ғояси” танлови ўтказилиши белгиланган. Бу ёшларга ўз ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш, илмий ва инновацион салоҳиятини намойиш этиш учун яратилган кенг имкониятларнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳаси замонавий технологиялар, рақамли тизимлар, томчилатиб суғориш, интенсив боғдорчилик, иссиқхона хўжалиги ва агрологистика каби истиқболли йўналишларни ўз ичига олиб, ёш мутахассислар учун кенг имкониятлар очмоқда. Учрашувда ёшларга замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаш, инновацион ёндашувларни ўзлаштириш ва ўз лойиҳалари орқали туман иқтисодиётига ҳисса қўшишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, имтиёзли кредитлар, субсидиялар ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Бундай учрашувлар ёшлар учун нафақат инновацион ғояларини ривожлантириш, балки келгусида қишлоқ хўжалиги тармоғида самарали фаолият бошлаш ва бизнес салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

– Бундай учрашувлар ёшлар учун катта имконият ва илҳом манбаи ҳисобланади, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Мурод Тўрақулов. – Улар орқали замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари ва инновацион лойиҳаларни ўрганиш, ўз ғояларини амалда синаб кўриш ҳамда туманнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш имкони пайдо бўлади. Ёшларимизга берилган амалий тавсиялар, қўллаб-қувватлаш ва имтиёзлар уларнинг стартапларини ривожлантириш ва келгусида барқарор фаолият олиб боришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Тадбир якунида ёшлар ўз саволлари билан мурожаат қилишди, тажрибали мутахассислар томонидан амалий тавсиялар берилди ва инновацион ғояларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири