Ёшлар ишлари агентлигида “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Кейинги йилларда ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини янада юксалтириш, уларни замонавий илм-фан ютуқлари билан яқиндан таништиришни тизимли йўлга қўйиш мақсадида самарали саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрдаги қарори билан йўлга қўйилган “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси айниқса аҳамиятлидир. Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад 1000 та сара ва зарурий китобни ўзбек тилига таржима қилиш ва оммалаштиришдан иборатдир.

Анжуманда лойиҳанинг мазмун-моҳияти, китобларни таржима қилиш ва нашрга тайёрлаш жараёнлари ҳамда кутилаётган натижалар юзасидан маълумот берилди.
Қайд этилганидек, лойиҳанинг дастлабки босқичида жаҳонга машҳур 50 номдаги илмий-оммабоп китоблар, талабалар учун дарсликлар, қўлланмаларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш мўлжалланган. Таржима учун АҚШ ва Буюк Британиядаги 20 га яқин нуфузли нашриётлар чоп этган китоблар танлаб олинди. Шу кунга қадар 43 та китобнинг таржима ҳуқуқи харид қилиниб, қолган китоблар бўйича музокара олиб борилмоқда.

Сифат, муддат ва шаффофлик лойиҳанинг асос қадриятлари ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, китобларни юқори сифатда, ўз муддатида нашрга тайёрлаш учун 6 та нашриёт – “Академнашр”, “Asaxiy books”, “Забаржад-медиа”, “Тирилиш”, “Cosmos books”, “Ижод нашр” билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Нашриётларнинг иш сифати, услуби бир-биридан фарқ қилишини ҳисобга олиб, жараённинг ҳар бир босқичи Лойиҳа офиси назоратида бўлади. Таржима иши ҳам камида икки босқич – аслият тилига мувофиқликни текшириш ва тузатиш, сўнг матннинг услубий жиҳатдан тўғри, равон ўқилишини таъминлаш учун бадиий таҳрирлаш жараёнидан ўтади.

Жорий йилда 50 номдаги китобларнинг ҳар бири камида 1 минг 500 нусхадан чоп этилиб, Экспертлар кенгаши тавсиясига кўра Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ахборот-кутубхона муассасалари, жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналарига бепул етказилади. Шунингдек, ушбу китобларнинг таржима ҳуқуқи Агентлик тасарруфида қолдирилади. Нашриётлар ҳам Агентлик билан келишув асосида уларни келгусида ўз маблағлари ҳисобидан чоп этиши ва сотиши мумкин.


Шунингдек, китобларнинг электрон нусхалари кенг фойдаланиш учун муаллифлик ҳуқуқи эгаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Фанлар академияси тизимидаги кутубхоналарга беғараз тақдим этилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА