Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини ошириш, билим олиб ўз иқтидорини ошириши учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрдаги "Ёшлар учун минг китоб" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида ёшлар китобхонлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида жаҳонда машҳур бўлган китобларни ўзбек тилига таржима қилиш ҳамда шу орқали уларни замонавий илм-фаннинг сўнгги ютуқлари билан яқиндан таништириб бориш тизими йўлга қўйилди.

Қарор асосида Ўзбекистонда ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш ва энг сара илмий-оммабоп китобларни ўзбек тилига таржима қилиш мақсадида “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси ишга туширилди.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан йўлга қўйилган лойиҳа доирасида 6 ой мобайнида 90 та китоб сараланди. Сараланган китобларнинг 55 таси нашрга тайёрланди. Шунингдек, жами 27 та китоб 81 минг нусхада чоп этилди.
Шунингдек, таржима қилинган 27 хил китоб ташкилот ва муассасаларга тақдим этилди.
Жумладан, олий таълим муассасаларига 9 минг 357 та, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналарига 11 минг 358 та ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда унинг тизимидаги ахборот-кутубхона марказларига 60 минг 285 та китоб тарқатилди.
Умуман олганда китоблар жами 81 минг нусхада тарқатилди.
Ҳозирда лойиҳа устида изчил ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, 2026 йилда 60 та китобни ўзбек тилига таржима қилиш режалаштирилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА