English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси амалга оширилади
14:18 / 2023-11-29

Ўзбекистон Республикаси Президенти "Ёшлар учун минг китоб" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, жаҳонда машҳур бўлган 1000 та китоб танлаб олиниб, ўзбек тилига таржима қилинади.

Лойиҳа доирасида: 

давлат буюртмасига асосан китоблардан фойдаланиш ҳуқуқини асар муаллифларидан сотиб олиш, уларни ўзбек тилига таржима қилиш, нашрга тайёрлаш ҳамда чоп этиш ишлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан (давлат олий таълим муассасалари учун нашр этиладиган китоблар бундан мустасно) амалга оширилади; 

давлат олий таълим муассасалари учун мўлжалланган китоблар рўйхати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан олий таълим муассасалари кесимида шакллантирилади ҳамда олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан нашр этилади. 

Китоблар рўйхати илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва бошқа соҳаларда тажриба ва етук билимга эга олимлар ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Дин ишлари бўйича қўмита мутахассисларидан иборат Экспертлар кенгаши томонидан тузилади.

Китобларни ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади: 

биринчи босқичда – Экспертлар кенгаши томонидан ҳар йили китобларнинг дастлабки рўйхати шакллантирилади;

иккинчи босқичда – аҳоли томонидан овоз бериш йўли билан танлаб олиш учун дастлабки рўйхат Ёшлар ишлари агентлигининг ахборот тизимларига жойлаштирилади ҳамда бу орқали якуний рўйхат шакллантирилади ҳамда Экспертлар кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. 

Ҳар йили нашр этиладиган китоблар рўйхатига камида 20 фоиз илмий-оммабоп асарлар киритилади.

Давлат буюртмасига асосан таржима қилинган ва чоп этишга тайёрланган китобларга доир ҳуқуқлар Ёшлар ишлари агентлиги тасарруфида қолдирилади ҳамда ушбу китобларни келгусида нашриётлар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан чоп этиш ва реализация қилиш учун Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бепул асосда тақдим этилади. 

Давлат буюртмасига асосан чоп этилган китоблар Экспертлар кенгаши тавсиясига кўра Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ахборот-кутубхона муассасалари, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналарига беғараз тақдим этилади. 

Чоп этилган китобларнинг электрон нусхалари китобхонлар кенг фойдаланиши учун муаллифлик ҳуқуқи эгаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ва Фанлар Академияси тизимидаги кутубхоналарга беғараз тақдим этилади. 

2023-2024 йилларда дастлабки 50 номдаги  китоб таржима қилиниб, нашрга тайёрланади ва чоп этилади.

ЎзА