Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар учун бизнес мулоқот
12:25 / 2025-07-09

Шу кунларда юртимиз бўйлаб ёзги таътил даврида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, талабаларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида турли тадбирлар ва учрашувлар ташкил этилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида шахсий ривожланиш бўйича эксперт, бизнес мураббий ва мотивацион спикер М.Эшонқулов билан “Ҳаётни стратегик режалаштириш – муваффақият сари йўл” мавзуида бизнес мулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқотда М.Эшонқулов “Ҳаётни стратегик режалаштириш” мавзусида маъруза қилиб, ўзининг ҳаётий тажрибалари ҳақида гапирди. Муваффақиятсизликлардан сабоқ олиш ва мақсадларга эришиш йўллари ҳақида чуқур таҳлилга бой фикрлар билдирди.  

Тадбир давомида стратегик фикрлаш нималиги ҳақида сўз юритилиб, ҳаётда самарасиз ҳаракатларнинг олдини олиш учун узоқ муддатли қараш ва пухта режалаш лозимлиги тушунтирилди. Мақсад қўйишнинг СМАРТ технологияси – аниқ, ўлчовли, эришиб бўладиган, реал ва вақт билан чекланган мақсадлар тузиш усуллари ҳақида интерактив мисоллар келтирилди.

Тадбир давомида М.Эшонқулов фақат назарий маълумотлар билан чекланмай, ўзининг бизнес йўлидаги босқичлари, улардан қандай янги имкониятлар яратганини сўзлаб берди. Ёшларни “ҳаракатга йўналтирилган стратегик тафаккур” сари ундади.  

Тадбир сўнггида савол-жавоблар сессияси бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар ҳаётий муаммолари, касб танлаш, вақтни бошқариш, қарор қабул қилишдаги иккиланишлар ҳақида саволлар бериб, М.Эшонқуловдан амалий тавсиялар олди.  

Гулноза Бобоева, ЎзА