Боёвут тумани Ёшлар ишлари бўлими ташаббуси билан "Ибрат фарзандлари" лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Ибрат академия” хорижий тиллар ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган ўқув марказига оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун пресс-тур уюштирилди. Тадбирда Ёшлар ишлари бўлимининг раҳбари Анвар Жабборов, журналистлар, блогерлар ва интернет медиа вакиллари иштирок этди.
Пресс-тур давомида иштирокчиларга Сармич ва Жўлангар маҳаллаларидаги ёшларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ва самарали ўтказишга қаратилган ишлар, хусусан, “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида ташкил этилган инглиз тили ҳамда ахборот технологиялари (IT) курсларининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Ўқув марказимизда бугунги кунда 300 нафардан зиёд болажонлар инглиз тили ва дастурлаш асосларини ўрганмоқда. Уларнинг билим ва салоҳиятига қараб махсус даражаларга бўлинган гуруҳларда дарслар ташкил этилган. Нафақат маҳалламиз ва туман марказидан, балки Бекобод шаҳридан ҳам келиб ўқиётган ўқувчиларимиз бор. Уларнинг кўзларидаги илмга чанқоқлик мен учун энг катта илҳом манбаи, – дейди ўқув маркази раҳбари Хуршида Эгамбердиева.

Ташриф давомида ОАВ вакиллари марказдаги дарс жараёнлари, интерактив ўқув усуллари, замонавий жиҳозлар билан таъминланган синфхоналар, ўқувчиларнинг амалиётда намоён этаётган билим ва кўникмалари билан яқиндан танишдилар. Дарслардаги инновацион ёндашув ва индивидуал таълим методикаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Курс қатнашчилари томонидан ўқилган қисқа инглизча нутқлар, жамоавий ишлаш машқлари ҳамда IT бўйича амалий лойиҳалар орқали уларнинг ўзлаштираётган билимлари намойиш этилди.
Бу каби таълим ташаббуслари ёшлар орасида таълимга қизиқишни ошириш, интеллектуал салоҳиятни юксалтириш, уларни рақобатбардош ва замонавий мутахассислар қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ёзги таътилни фақат дам олиш эмас, балки ўсиш ва ривожланиш имкониятига айлантиришда бу марказнинг роли алоҳида таъкидлашга лойиқ.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири