Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёшлар туризми” қурултойи: фаол ва ташаббускор ёшлар “Лочин”да жам бўлди
17:13 / 2022-08-11

Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” оромгоҳида бўлиб ўтаётган “Ёшлар туризми” қурултойига йиғилган ёшлар ҳам мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасидаги таклиф ва ғоялари билан муносиб иштирок этишни кўнглига туккан.

– Ватанимизнинг барчага ўрнак бўлувчи узоқ йиллик тарихи бор, – дейди фарғоналик Аъзамжон Набижонов. – Уларни кўрсата олиш эса ўзимизга боғлиқ. Масалан, бугун соҳибқирон Амир Темур туғилиб ўсган заминда бўлиб, у қурдирган дунёга машҳур Оқсарой мажмуасини томоша қилдик. Соҳибқирон билан боғлиқ тарихий обидалар ва маълумотларга бутун дунё сайёҳлари ҳамиша қизиқиш билан қараган. Таклифим, Оқсарой мажмуасида ўша давр руҳини акс эттирувчи темурийлар даври муҳити яратилса, савдо расталаридан тортиб сотувчиларнинг кийим кечагигача ўша даврга хос бўлса, ҳатто гид таржимонлар, қўриқлаш хизмати ходимлари ҳам тарихий кийимда бўлса, мажмуага кириб келган одам Темурийлар даврига тушиб қолгандай ҳис қилсин ўзини.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан жорий йилнинг 8-12 август кунлари Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” оромгоҳида “Ёшлар туризми” қурултойи бўлиб ўтмоқда.

[gallery-8268]

Қурултойда республиканинг ҳар бир ҳудудидан 50 нафардан иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан, ногиронлиги бўлган ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 700 нафар ўқувчи, талаба ва ёшлар жалб қилинган.

– Қурултой учун ўзгача тайёргарлик кўрилган, – дейди хоразмлик Нилуфар Аҳмедова (болаликдан ногирон). – Мени тўлқинлантирган нарса, Президентимизнинг инклюзия соҳасига қаратаётган эътибори. Ҳозирда олий таълимнинг психология йўналишини тугатиб, Хоразм вилояти Ёшлар ишлари агентлиги қошидаги инклюзив таълим марказида айнан психология йўналиши бўйича координатор бўлиб фаолият юритяпман. Неча йиллардан бери мамлакатимизда инклюзив таълимни ривожлантиришга яъни имконияти чекланган, ногирон ёшларга таълим-тарбия бериш, уларнинг жамиятда соғломлар қаторида ўз ўрнини топишига, касб-ҳунар эгаллашига эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, бугунги қурултойда ҳам ҳар бир вилоятдан делегатлар ташриф буюрган ва уларнинг орасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам борлиги ҳукумат эътиборининг ифодаси, деб ўйлайман. Қурултойда Хоразм вилояти делегациясидан бўлиб ўтаётган танлов ва лойиҳаларда инклюзия туризмини янада ривожлантириш бўйича ўз таклиф, мулоҳазаларимиз билан муносиб иштирок этяпмиз.

Қурултойга МДҲ (Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон) давлатларидан ҳам жами 20 нафар ёш таклиф этилган бўлиб, улар ҳам қурултой бошланишининг илк кунида тантанали кутиб олинди.

Қурултойнинг расмий очилиш маросими Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой мажмуасида бўлиб ўтди. Унда Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ва вилоят ҳокими Муротжон Азимов сўзга чиқиб, мазкур тадбирнинг мамлакатимизда туризмни ривожлантиришдаги аҳамияти, айниқса, бу борада ёшлар иштироки ва ташаббускорлигини оширишдаги роли хусусида гапирди. Шундан сўнг, вилоятлардан танлаб олинган Ёш туризм элчиларига махсус статуэткалар топширилди. Ёш туризм элчилари Кенгаши аъзолари ҳамда раисига Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ишонч ёрлиғи берилди.

Айтиш жоизки, қурултой доирасида ҳар куни бир қатор танлов, мусобақа, тақдимот, учрашув, акция, лойиҳа ҳамда тадбирлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, “Энг намунали гуруҳ” танлови, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Туризм – квест” лойиҳаларида иштирокчилар муаммо ва таклифлар руҳидаги саҳнавий кўринишлар асосидаги шартларда бугун мамлакатда туризмни ривожлантиришдаги баъзи муаммо ва камчиликларни намоён қилиб, бу борадаги ўз таклифларини билдириб ўтди.

Шунингдек, қурултой давомида “Туризм спартакиадаси” спорт мусобақаси, “Уста-шогирд” мактаби, “Энг яхши туризм лойиҳаси” танлови каби тадбирлар ўтказилмоқда.

Бундан ташқари сайловлар Ўзбекистон Республикаси ёш туризм элчилари Кенгашини ташкил этиш мақсадида ўтказилади. Кенгаш махсус тайёрланган Низом асосида фаолият олиб боради. Қурултой доирасида илк сайловлар ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси ёш туризм элчилари Кенгаши аъзолари ва раиси 1 йил муддатга сайланади.

Учрашувлар – Қурултой доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов билан учрашув ташкил этилади.

“Юлдузлар ташрифи” лойиҳаси – таниқли театр ва кино ижодкорлари, ёшларга ўрнак кўрсатадиган спортчилар, санъат ва маданият, илм-фан соҳаларининг намояндалари иштирокида мулоқотлар ҳамда “маҳорат дарслари” ўтказилади. “Дўстлик кечаси” ва “Дўстлик гулхани” тадбирлари – Қурултой иштирокчилари учун махсус дастур асосида дўстлик ҳамда жамоани мустаҳкамлаш бўйича тадбир ташкил этилади. Делегатларнинг 1 йиллик фаолияти белгиланади. “Бизнинг натижалар” учрашуви – ҳудудлар кесимида жамланиб, қурултой натижалари ва келгусидаги режалар муҳокама қилинади.

“Тоза ҳудуд” акцияси – ёшларда экологик онг ва маданиятни шакллантириш ҳамда уларда атроф-муҳитга нисбатан рационал ёндашув кўникмасини ҳосил қилиш, табиатга бефарқ бўлмаган ёшлар ғояларини тинглаш, эко стартапларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ташкил этилади. Қолаверса, қуш инларини ясаб келиш уйга вазифа сифатида иштирокчиларга берилади, Қурултой доирасида оромгоҳ ҳудудидаги дарахтларга акция давомида қуш инлари ўрнатилади.

Шу билан бир қаторда, Қурултой доирасида китобхонлик куни, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, маданий-кўнгилочар тадбирлар, ёшлар учун бизнесни ташкил қилиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича давра суҳбатлари, ёшлар билан таниқли театр, кино ижодкорларининг ижодий мулоқотлари ва инфо-тур ташкил этиш режалаштирилган.

Қурултой доирасида ташкил этилган танлов, мусобақа, тақдимот, учрашув, акция, лойиҳа, тадбирларда фаол иштирок этган гуруҳ ва ҳудуд жамоалари фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Қурултой ўз ишини давом эттирмоқда.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА