Ўқувчи-ёшларнинг қишки таътил кунларини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган “Ёшлар туризми ҳафталиги” доирасида Самарқанд вилоятидаги мактаблар ўқувчиларининг Самарқанд шаҳрига саёҳатлари уюштирилмоқда.
Жумладан, кеча Булунғур туманидаги мактабларнинг 110 нафар иқтидорли ва фаол, ижтимоий кўмакка муҳтож ўқувчилари қадимий кентдаги тарихий-маданий ёдгорликлар, музейлар, янги қурилган бино ва иншоотларни томоша қилди. Уларга буюк аждодларимизнинг тарихий мероси, бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди. Вилоят мусиқали драма театрида ўқувчилар учун “Маҳмудхўжа Беҳбудий” спектакли намойиш этилди.

Ёшлар туризм ҳафталиги доирасида вилоятдаги тарихий-маданий ёдгорликлар, музейларга кириш учун ўқувчиларга имтиёзлар берилган. Болаларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати махсус автобусларда, хавфсизлиги таъминланган ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари кузатуви остида амалга оширилмоқда.
Вилоят туризм бошқармасининг маълумотларига кўра, Янги йил байрами муносабати билан берилган 31 декабр – 4 январь дам олиш кунларида Самарқандга 145 минг нафар маҳаллий ва 50 минг нафарга яқин хорижлик сайёҳ келди. Талаба ва ўқувчи ёшларнинг ушбу ҳафтада давом этадиган қишки таътил кунларида бу рақамлар янада ошиши кутилмоқда.


Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири