Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар ташаббуслари – Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий драйвери
15:19 / 2026-02-25

Муносабат

Ёшлар масаласи Янги Ўзбекистон сиёсатининг энг устувор йўналишларидандир. Куни кеча Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқоти мамлакат ёшларини янада қўллаб-қувватлаш, улар учун янгидан-янги имкониятларни яратишда муҳим қадам бўлди.  

Мазкур мулоқотда илгари сурилган илғор ғоя ва ташаббусларнинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева ўз муносабатини билдирди:

— Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан мулоқотда уларни мамлакат тараққиётининг ҳал қилувчи кучи сифатида баҳолаб, қатор янги ташаббус ва имкониятларни эълон қилди. Бу эса Янги Ўзбекистон ғоясининг амалий ифодаси сифатида аҳамиятлидир.

Бугун юртимизда 22 миллиондан ортиқ ёшлар истиқомат қилмоқда. Ҳар йили 600 минг нафар ёш меҳнат бозорига кириб келмоқда ва 2030 йилга бориб бу рақам 1 миллионга етиши кутилмоқда. Демак, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни билим ва касбга йўналтириш нафақат ижтимоий, балки стратегик вазифа ҳисобланади.

Сўнгги йилларда яратилган имкониятлар натижасида ёшларимиз халқаро майдонларда муносиб натижаларга эришмоқда. Жаҳон фан олимпиадаларида 66 та олтин, 147 та кумуш ва 221 та бронза медали қўлга киритилди. Дунёдаги нуфузли олийгоҳларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 3,5 минг нафардан ошган. Ёшлар томонидан яратилган 63 та стартап АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея ва БАА бозорларига чиққани эса интеллектуал салоҳиятимиз ортиб бораётганини кўрсатади.

Ёшлар тадбиркорлиги соҳасида ҳам салмоқли натижалар кузатилмоқда. Бугун мамлакатдаги бизнес вакилларининг 35 фоизи ёшлар ҳиссасига тўғри келади. Фақат ўтган йилнинг ўзида ёшлар бандлигини таъминлаш учун 400 миллион доллар йўналтирилиб, 15 минг нафар ёш ўз бизнесини бошлади ва 50 мингта иш ўрни яратилди.

Янги қарорларга кўра, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши белгиланди. Эндиликда ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредитлар 100 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади. Йирик лойиҳалар учун 10 миллиард сўмгача молиялаштириш имконияти пайдо бўлади. Инновацион стартапларга 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилиши эса ёшларни глобал бозорга чиқишга ундайди.

Шунингдек, “Келажак тадбиркори” дастури доирасида ёшларга 7 йилгача 15 фоизли кредитлар ажратилади. Гаровсиз 20 миллион сўмдан бошлаб, 2 миллиард сўмгача молиявий ёрдам бериш механизми жорий этилмоқда. Камида 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ҳам устувор вазифа сифатида белгиланди. Ҳар бир ҳудудда “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилиб, бизнесни бошлашдан тортиб маркетинг ва экспортга чиқишгача комплекс ёрдам кўрсатилади. Шу билан бирга, камида 40 минг ёшни тадбиркорликка ўқитишга қаратилган “Янги авлод тадбиркорлари” дастури ишга туширилади.

Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар нафақат ёшлар фаровонлигига, балки мамлакат иқтисодий ўсишига ҳам хизмат қилади. Чунки, ёшларга сармоя келажакка сармоядир. Инновация, стартап ва билимга таянган иқтисодиётни шакллантиришда айнан ёшлар ҳал қилувчи кучга айланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу ташаббуслар ёшларга бўлган ишончнинг амалий ифодасидир. Ажратилаётган маблағлар орқали таъминланган бу имкониятлар шунчаки харажат эмас, балки Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий драйверига айланади. Энди энг муҳим вазифа — ушбу имкониятларнинг ҳар бир ёш ҳаётида аниқ натижа бериши. Ана шунда ёшлар нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақанинг иқтисодий ва интеллектуал ривожланишининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлади.  

Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА