Сўнгги йилларда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббус ва ғояларини амалиётга татбиқ этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу жиҳатдан, соҳалар раҳбарлари билан ёшлар ўртасида ташкил этилаётган очиқ мулоқотлар ёш мутахассисларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, уларни соҳа ривожига кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай мулоқотлардан бири “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасида бўлиб ўтди. Унда Қурилиш материаллари соҳасида фаолият юритаётган ташаббускор ёшлар қатнашди.
Учрашув аввалида уюшма бошқаруви раиси Илёс Раҳимов сўзга чиқиб, мамлакатимизда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда бу жараёнда ёш мутахассисларнинг ўрни ва масъулияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, соҳада мавжуд муаммолар, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, инновацион технологияларни жорий этиш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш масалаларида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
–Бугун қурилиш материаллари саноати иқтисодиётимизда стратегик аҳамиятга эга соҳалардан бири ҳисобланади. Уни ривожлантиришда билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ёш кадрлар ҳал қилувчи кучдир. Ёшлардан келаётган ҳар бир таклиф биз учун қимматли, чунки айнан сизлар соҳанинг келажагини белгилайсиз, – дея таъкидлади Илёс Раҳимов.
Шундан сўнг раҳбар ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилди. Учрашув давомида ёшларни қизиқтирган ишга жойлашиш, малака ошириш, янги лойиҳаларда иштирок этиш, стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалаларига оид саволлар ўртага ташланди. Мутахассислар томонидан барча саволларга атрофлича ва асосли жавоблар берилди.
Ёшлар томонидан соҳани янада ривожлантиришга қаратилган қатор амалий таклифлар илгари сурилди ва улар раҳбарият томонидан тингланди.
Учрашув якунида Илёс Раҳимов бундай очиқ мулоқотлар ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этар экан, ҳар ойда камида бир маротаба раҳбар ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилишини маълум қилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА