Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштироки, уларнинг ташаббускорлиги ва янгича ёндашувлари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Айниқса, йирик ишлаб чиқариш корхоналарида ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган тизимли ишлар олиб бориляпти.
Шунга асосан “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида ташкил этилган навбатдаги учрашув ҳам ёшлар сиёсатидаги устувор йўналишларни амалда намоён этди.
“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви доирасида ўтказилган мазкур мулоқот тадбирида жамият тизимида фаолият юритаётган ёш мутахассислар, ишчи-ходимлар ҳамда раҳбарият вакиллари иштирок этди.
Масъулларнинг таъкидлашича, ёшларнинг қизиқиш ва ташаббусларини ўрганиш, улар дуч келаётган муаммоларни атрофлича муҳокама қилиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларида уларнинг фаоллигини оширишга қаратилган аниқ таклифларни шакллантириш устувор вазифа. Шу сабабли, ушбу тадбир айнан шу мақсадлар ижросига қаратилди.
Тадбир давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишлар, яратилган шарт-шароитлар ва мавжуд имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Қайд этилганидек, айни пайтда жамият тизимида 5042 нафар ёш ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Улардан 60 нафари раҳбар ва ўрта бўғин раҳбарлик лавозимларида фаолият юритяпти. Шунингдек, 2458 нафар ёшлар спорт соҳасида фаол иштирок этиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Учрашув жараёнида ташаббускор, фаол ва иқтидорли ёшлар ўз фикр ва таклифлари билан ўртоқлашиб, корхоналарда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишларни сарҳисоб қилишди. Ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, шахсий салоҳиятини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот якунида кадрлар салоҳиятини ошириш, устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлаш, ёшларни касбга йўналтириш ишларини кучайтириш ҳамда инновацион ғоялар ва корпоратив ечимларни ишлаб чиқиш жараёнларига ёшларни фаол жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Масъул раҳбарларга ушбу йўналишларда тегишли кўрсатмалар берилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА