Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда қонунга ҳурмат асосида тарбиялашнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда сенатор Зумрад Бекатова ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ольга Ниязова иштирок этиб, ёш авлодни маънавий баркамол, қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан эканлигини таъкидлашди.
Учрашувда қайд этилганидек, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш, уларнинг онгида юксак маънавиятнинг барқарор ривожланиши жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлашнинг муҳим шартидир.

Бугунги кунда зарарли ахборот оқимлари, турли ташқи таъсир ва хатарлар кучайган бир шароитда ёшларнинг мустақил фикрлаши, тўғри қарор қабул қила олиши, уларнинг ҳаётий позицияларини тўғри шакллантиришга кўмаклашиш долзарб вазифалар ҳисобланади.
Тадбир давомида ёшлар ўртасида маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш, уларга тўғри ахборот етказиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилиб, таклиф ва ташаббуслар тингланди.
Учрашув якунида ёшлар ўртасида бундай тарғибот ишлари изчил давом эттирилиши, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги қайд этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири