Сирдарё туманида ёшлар маънавий тарбиясида нуронийларнинг ўрни ва ҳиссасини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Бир нафар нуроний — ўн нафар ёшга масъул” мавзусидаги кўрик-танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди. Тадбирда маҳалла фаол нуронийлари қатнашиб, ёшларни тарбиялашда ўз тажрибалари ва самарали фаолият йўллари ҳақида атрофлича сўзлаб беришди.

Туман ҳокими Азизбек Турдимуродов сўз олиб, иштирокчиларга омад тилади ва ёшлар тарбиясида нуронийлар қўшган беқиёс ҳиссани алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, нуронийлар келажак авлоднинг маънавий баркамол, жамиятга фойдали шахс сифатида юртимиз ривожланишида муҳим ўрин эгаллайди.

Ҳакамлар ҳайъати баҳолашича, Илғор маҳалласидаги фаол нуроний Ихтиёр ота Шайимов мутлақ ғолиб бўлди. Икром ота Ҳусанов (Тараққиёт маҳалласи) ва Абдурасул ота Юсупалиев (Истиқбол маҳалласи) эса 2 ва 3-ўринларни эгаллашди. Ғолиблар “Нуроний” жамғармасининг фахрий ёрлиқлари ва пул мукофотлари билан тақдирланишди.
Туман ҳокимлиги билдиришича, ушбу кўрик-танлов ёшлар билан ишлашда нуронийларнинг ролини янада оширади, маҳалла фаолиятини яхшилашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади ва энди мунтазам равишда ўтказиб борилади.
Ғулом Примов,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат) ЎзА мухбирлари