Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар тарбияси – муқаддас бурч
17:55 / 2022-07-20

Келажак пойдевори

Луқмони Ҳакимдан:

– Нега ҳадеб ўғлинга насиҳат қилаверасан? – деб сўрашибди.

У эса шундай деди:

– Кексаларнинг насиҳатлари ёшлар учун боғбон ниҳолини парвариш қилгани кабидир. Боғбон ниҳолнинг номуносиб шохларини бутаб туради, ён-атрофда фойдасиз гиёҳларнинг ўсиб чиқишига йўл қўймайди. Унинг яхши ўсиши учун бутун кучини сарфлайди. Ниҳол эса бақувват бўлиб ўсади, ширин-шакар мева қилади. Борди-ю ортиқча шохлари кесиб турилмаса, ниҳол тез ўсиб етилса-да, яхши ҳосил бермайди, боғбонга эса ундан фойда кам бўлади. Демак, билгинки, бола ҳам ниҳолнинг ўзидир. Агар у тарбия қилинмаса, ёмон феълларга мубтало бўлади ва фалокат хашаклари ўртасида сўлиб ётади.

Ота-оналарнинг вазифалари фақат фарзандларни дунёга келтиришдан иборат эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, онгли, жисмонан соғлом, жамиятга, Ватанга фойдали инсонлар бўлиб етишишлари учун қайғуришлари керак. Ота-оналар боланинг табиати, хулқ-атвори шу оиладаги шароитига қараб шаклланишини яхши билиши керак. Фарзанд барча маънавий бойлик, дунёқараш ва аҳлоқ-одобни ўз оиласида ўрганади. Қуш уясида кўрганини қилади, деймиз. Оиласида тотувлик, иноқлик кўрмай, фақат жанжал, тўполоннинг гувоҳи бўлган, яхши тарбия ўрнига, сўкиш, ҳақорат эшитган болалардан аҳлоқли, одобли инсон бўлишларини кутиш бефойда. Шу ўринда Ҳазрати Юсуф Таваслийнинг бир ҳикояси ибратлидир.

Уч-тўрт ёшли бир бола қўшнисининг тухумини ўғирлаб, онасига олиб келиб беради. Ҳаром, ҳалолни билмаган жоҳил она тухумни ўғлининг қўлидан олиб, унга:

– Менинг ақлли ўғлим, сенга офарин, – деб пешонасидан ўпади. Бола шу кундан бошлаб ҳар кун, кун оралаб қўшнисининг уйидан тухум ўғирлаб чиқади. Бола ёшига қараб ўғирлигини давом эттиради. Тухумдан товуққа, товуқдан яна каттароқ нарсага ўтиб, ашаддий каззоб, ўғрига айланади. Ўғрилик, каззоблик билан юриб, бир кун жуда қабих жиноят устида қўлга олинади. Қонун уни ўлим жазосига маҳкум этади.

Ўғлининг ўлимга маҳкум этилганини эшитиб, она адлия маҳкамасига боради ва фарёд қила бошлайди. Мени бу ҳаётда шу ўғлимдан бошқа ҳеч кимим йўқ, унга омонлик беринг, уни ҳибсдан озод этинг, деб ёлворади.

Ҳукмни ижро этишдан олдин йигитдан сўрадилар:

– Сенинг охирги истагинг борми?

Маҳкум бундай деди:

– Бир кичик тилагим бор. Севимли онажонимнинг муборак тилларини ўпишни истайман, шул истагимни қондирсангиз.

Ўғлининг истагига кўра муштипар она ўғлининг олдига келиб тиз чўкиб:

– Суюкли ўғлим, сўнги марта тилимни ўпганингни мен бир кўрай, – дебди.

Ўғри йигит онасининг тилини тишлаб, уни қайчида кесгандай узиб олибди.

Шу ерда тўпланганлар: “Бу бола мунча қаттол бўлмаса, шунча оғир жиноятларни қилгани етмагандай, онасининг тилини ҳам узиб олди-я!”, деб ҳайратланадилар.

Ўлимга маҳкум бўлган йигит эса тўпланганларга қарата:

– Эй инсонлар! Билиб-билмай бекорга ажабланманг. Менинг ҳозир ўлимга маҳкум бўлишимга сабаб онамнинг тилидир. Мен болалигимда қўшнимизнинг тухумини ўғирлаб келганимда, онам менга офаринлар айтиб, пешонамдан ўпган эди. Агар ўшанда онам мени тарбия қилиб, ўғирликдан қайтарганида, бугун мен ўлим жазосига маҳкум бўлмасдим, – дебди.

Бу ҳикоятда бола тарбияси улуғ иш эканлиги баён этилган. Хулоса шуки, ота-оналар ўз болаларини ҳар бир хатти-ҳаракатларини диққат билан кузатиб, қайси иш фойдали, қайсиниси зарарли эканлинини тушунтириб боришлари лозим. Айниқса, бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий давлат барпо этар эканмиз, фарзандларимизнинг ҳуқуқий тарбиясига ҳам катта эътибор беришимиз керак. Чунки ўсмир қонунларни яхши билмас экан, жиноят кўчасига кириб қолиши ҳеч гап эмас.

Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари, мактаб, малакали ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бир ёқадан бош чиқариб, бирлашиб ҳаракат қилишлари зарур. Бунда, айниқса, маҳалланинг ўрни беқиёсдир.

Маҳалла — инсонни жамият билан бирга яшашга ўргатадиган, шу руҳда тарбиялайдиган бирламчи ва беқиёс макондир. Дунёда ноёб, ўхшаши йўқ маҳалла тизими мустақиллик йилларида халқимизга энг яқин ва халқчил тузилмага айланди.

Маҳаллалар қадим-қадимдан эзгулик бешиги, тарбия ўчоғи, яшаш тарзи, миллий удумлар, урф-одатлар ва анъаналар шаклланган маскан бўлиб келган. Одамларни бир-бировларига меҳр-оқибатли, мурувватли, саховатли қилиб тарбиялашда, табиатан барчани бирдек, қон-қариндошдек қилиб қўйишда, ўзига ҳос жамоани шакллантиришда маҳалла жуда муҳим аҳамият касб этади. Зотан, бугунги кунда маҳаллалар давлат бошқарувининг биринчи бўғинлари, асосий устунлари сифатида эътироф этилаётгани ҳам бежиз эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиши, уйғониш даври локомативлари бўлмиш ёшлар билан ишлашнинг тубдан янгича механизми бўлди.

Ёшлар етакчилари ёшлар балансини мунтазам шакллантириб бориш билан бирга, уларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, муаммоларини ўрганиш, янги истеъдодларни кашф қилаётирлар. Бу ишда алоҳида ўрнак кўрсатган ёшлар рағбатлантирилиб бориляпти. Ёшлар етакчиси ҳаётда ўз ўрнини тополмаётган ёшларни “Ёшлар дафтари”га киритиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилишида бош-қош бўлмоқда.

Бизнинг Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги “Чилтўғон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмлари жорий этилди. Бугунги кунда “Ёшларнинг бўш вақти – етакчининг иш вақти” шиори остида иш юритувчи маҳалладаги ёшлар етакчиси ёшларнинг ҳақиқий маслаҳатгўйига айланди.

Маҳалламизда жорий йилнинг биринчи ярмида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини-ўзи банд қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарга 44 миллион сўмга яқин субсидия ажратилди. Субсидия ажратишда уларнинг оиласи тўлиқ ўрганилди. Субсидия тўрт нафар турли касбдаги ёшларга ажратилди. Уларнинг оила аъзолари ҳам иш билан таъминланди.

Ҳозирда маҳалладаги Зиёда исмли тикувчи қиз “Ёшлар дафтари” орқали олган тикув машинаси ва оверлог ёрдамида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйди. Унинг онаси ва опаси ипдан қўғирчоқ тўқишади, Зиёда эса уларга кийимчалар тикади. Ҳозирда оила аъзолари даромадга эга.

Яна икки нафар ёшнинг сафарбарлик чақирув резерви хизмати бадали “Ёшлар дафтари”дан тўлиқ қоплаб берилди. Шунингдек, маҳалладаги иқтисодий қийинчиликка юз тутган ёшларнинг икки нафарига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. Ўнлаб ёшларга юридик маслаҳат ва маънавий ёрдам берилмоқда.

Бундан ташқари маҳалладаги истеъдодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳомийлик асосида икки нафар ёшга спорт анжомлари олиб берилди.

Маҳаллада таъмирталаб аҳволга тушиб қолган футбол майдончаси туманнинг сектор раҳбарлари ёрдамида тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Майдон универсаллаштирилиб, ҳозирда спортнинг волейбол тури бўйича машғулотлар ўтказиляпти.

Ўттизга яқин ёшнинг бандлиги таъминланди, ўндан зиёд ёшга уч ойлик ўқув курсларига бепул йўлланма берилди. 60 нафар ёшлар фарзандларига ҳомийлар ёрдамида турли хил ўйинчоқлар тарқатилди, йигирма нафар оилага эса озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Маҳаллада ўтказилган “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасида юзлаб янги истеъдодлар кашф этилди. Ҳар бир кўчада спортнинг футбол, волейбол турлари бўйича жамоалар ташкил этилди. Республикада кўзга кўринган ижодкорлар, жумладан, таниқли журналист, шоирлар, актёрлар билан ижодий учрашувлар, давра суҳбати ўтказилди. Бу учрашувлар маҳалламиз ёшларида унутилмас таассуротлар қолдирди.

Маҳаллада ватанпарварлик, китобхонлик ҳам ўз ўрнида ташкил этилмоқда. Ҳар бир маҳалла ёшлари ўртасида соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш борасида мусобақалар ҳам режали ўтказиб келинмоқда. Бир сўз билан айтганда, маҳалладаги ёшлар етакчиси – маҳалладаги ёшлар эгасига айланди.

Ёшлар камолоти, манфаати, ёруғ иқболи, бахту саодати – Янги Ўзбекистон келажагини барпо этишдек улуғвор мақсадимизнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Чунки давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ёшлар Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинасидир. Зеро, эътибор бор жойда ўсиш, ўзгариш бўлади. Агар бизда ҳар қанча иқтидор бўлмасин, у қўллаб-қувватланмасин, сайқал топмайди. Шу маънода, биз маҳалламиз ёшлари бугунги тақдиримиздан беҳад миннатдормиз.

Жаҳонгир НОСИРОВ,

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги

“Чилтўғон” МФЙ Ёшлар етакчиси.

ЎзА