Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар тақдирига ҳар биримиз масъулмиз
17:57 / 2021-01-28

Болажон халқмиз. Ҳар бир ота-она аввало болам дейди. Ўзи емаса ҳам, ичмаса ҳам “боламга бўлсин” дейди. Бутун ҳаётини, орзу-умидларини фарзанди, унинг камолоти билан боғлайди.

Ота-онадан қоладигани шу – солиҳ фарзандлари-ю яхши амаллари. Бошқа халқ, бошқа миллатларда ўзгача қараш бўлиши мумкин, лекин бизда шундай.

Бугун бундай эътибор бир оила, бир хонадон даражасидан чиқиб, мамлакат миқёсидаги ишга айланди. Давлат раҳбарининг ўзи бунга жиддий эътибор қаратяпти. Ахир улар менинг фарзандим-ку, ўзбек халқининг умиди, келажаги-ку, деяпти Президент ва ёшлар таълим-тарбияси, жамиятда ўз ўрнини топиши учун шарт-шароит ҳамда имконият яратишни давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида қайд этяпти. Буни ҳар бир вазир, ҳоким, амалдор қулоғига қуйишга интиляпти.

2020 йилнинг сўнгги кунларида дастлаб Ёшлар форумида, кейин парламентга Мурожаатномасида ҳам Президент бу борада амалга оширилиши керак бўлган вазифаларни белгилаб берди. Йилни номлашда ҳам бу жиҳат эътиборга олинди.

Куни кеча Президент яна ёшлар бандлиги, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш юзасидан республика, вилоят, туман даражасидаги раҳбарлар билан муҳокама ўтказди. Вазифаларни яна бирма-бир тушунтирди, айрим вазирларга, ҳокимларга кескин гапирди, айримларни огоҳлантирди. Бунинг учун вақтини аямади. Мақсад шу – юртимиз ёшлари муносиб шарт-шароитда камолга етсин, таълим-тарбия олсин, касб-ҳунар эгалласин, жамиятда ўз ўрнини топсин, керак бўлса, дунёда ўз овозига эга бўлсин!

Йиғилишда давлатимиз раҳбари ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларнинг мини-технология ва ускуналар харид қилиши учун субсидия ажратиш, кредит олишда суғурта тўлови бўйича кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади.  

Ёшлар бандлигини таъминлашда энг катта захиралардан бири деҳқончилик қилиш учун ер ажратиш эканлиги қайд этилди. Албатта, бугунги шароитда ер ажратиш осон эмаслиги инобатга олиниб, бунинг самарали ечими ҳам кўрсатилди. Ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш тартиби жорий этилиши айтилди.

Бундай тизим маҳаллий раҳбарлар учун ҳам, ёшлар учун ҳам энг яхши ечим. Фақат бу иш кампаниябозликка айланмаса, қоғозларда қолиб кетмаса бўлгани. Агар бу ишга виждонан ёндашилса, ҳақиқатдан ҳам ишга муҳтож ёшларга ер ажратиб берилса, ҳаракат ўз ижобий самарасини бериши табиий.

Энди ўзимизнинг маҳалла мисолида айтсам. Бизда аҳоли кўп эмас – 1250 дан кўпроқ. Деҳқончилик ёки боғдорчилик билан шуғулланиш учун еримиз йўқ. Лекин, худога шукр, халқимиз тадбиркор, ўз нонини ўзи топиб ейишга ҳаракат қилади. Яхши яшаш учун меҳнат қилиш кераклигини яхши билади. 80 дан ортиқ маҳалладошимиз якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Улар бир киши эмас, бутун оила аъзоси ёки қариндош-уруғини шу ишга жалб қилган. Шунингдек, яна ўнга яқин киши йирик тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланади. “Ургут” эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этган маҳалладошларимиз бор. Улар ҳам биринчи навбатда ўз яқинлари, қўни-қўшнисини ишга олган.  

Демоқчиманки, маҳалламиз аҳолиси, жумладан, ёшлари орасида бекорчи, ҳеч бир иш билан шуғулланмайдиган киши йўқ ҳисоби. Шунга қарамай, “Ёшлар дафтари” шакллантирилиб, 179 нафар 18-30 ёшли йигит-қизлар рўйхатга олганимизда йигит-қизлар орасида кредит, ер олиб, ўз бизнес фаолиятини бошламоқчи бўлганлар кўпчиликни ташкил этди. Уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш учун туман ҳокимлиги, секторлар штабларига маълумотларни тақдим этдик. Кечаги йиғилишдан кейин бу ёшларда ҳам, ўзимда ҳам умид пайдо бўлди, яқин орада уларнинг масалаларини ҳал қилиш имконияти юзага келади.

Маҳалла раиси сифатида айтишим мумкинки, қайсидир оилада келиб чиқадиган келишмовчиликни ҳал қилиш, эҳтиёжманд хонадонга ёрдам бериш учун ҳомий топиш ёки ёш оиланинг ажрашиб кетишининг олдини олиш учун уларни муросаю мадорага келтиришдан кўра, ёшлар бандлигини таъминлаш ҳақида бош қотириш, уларни қўллаб-қувватлаш фойдали-да. Бугун давлат раҳбари томонидан ёшлар ҳаёти, бугуни ва эртаси ҳақида жон куйдирилишидан ҳам мақсад шу деб биламан.

 

Рофе НОСИРОВ,

Ургут туманидаги “Шодлик”

маҳалла фуқаролар йиғини раиси