Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни молиялаштириш тартибини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан бизнес лойиҳаларни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом;
“Yoshlar ventures” венчур жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёшларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, 2025 йил якунига қадар ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини рақамлаштириш бўйича электрон платформа ишлаб чиқилади. Вазирлик ва идораларнинг тегишли маълумотлар базалари, шу жумладан, автоматлаштирилган скоринг тизими “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Агентликнинг сўровига асосан электрон платформага белгиланган тартибда интеграция қилинади.
Малумот учун. Олдинроқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-60-сон қарорига мувофиқ Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси негизида Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилган эди.
ЎзА