Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади
15:21 / 2025-02-19

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси негизида Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади. 

Қарорга кўра: 

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармасининг асосий вазифалари; 

Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси; 

Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш инструментлари рўйхати тасдиқланди. 

Жамғарма кўмагида камида 50 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш асосий самарадорлик кўрсаткичи ҳисобланади. 

Агентликнинг Жамғармага ажратиладиган маблағлар ҳисобидан Жамғарма ҳузурида масъулияти чекланган жамият шаклида устав фонди 10 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган ёшларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини молиялаштирадиган венчур жамғарма ташкил этилади.

Қарорга кўра, инкубация ёки акселерация дастурини муваффақиятли якунлаган ҳамда стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган нуфузли танловларда ғолиб (совриндор) бўлган стартап лойиҳаларга қуйидаги йўналишлар бўйича венчур жамғарма томонидан 2 миллиард сўмгача инвестиция маблағлари уларнинг устав фондига улуш сифатида киритиш орқали ажратилади: 

истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган намунавий моделни (MVP) ишлаб чиқиш жараёнидаги стартап лойиҳага - 500 миллион сўмгача; 

Ўзбекистон бозорида муваффақиятли жорий қилинган стартап лойиҳага - 1 миллиард сўмгача; 

хорижий бозорга чиқиш имкониятига эга бўлган стартап лойиҳага - 2 миллиард сўмгача. 

Жамғарма томонидан қуйидаги харажатлар қоплаб берилади: 

истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган стартап ғоянинг намунавий моделини (МУР) яратиш даражасига олиб чиқиш учун хорижий ва маҳаллий экспертлар, менторлар ва тренерларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача, бироқ 100 миллион сўмдан ошмаган миқдорда; 

халқаро инкубация ёки акселерация дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача, бироқ 10 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда.

ЎзА