Жорий йилнинг 24 февраль куни давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ёшлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқоти навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида янги стратегик вазифаларни белгилаб берган эди. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш, ёшларнинг банк-молия соҳасидаги билимларини ошириш ҳамда уларнинг истиқболли бизнес лойиҳаларига қанот бериш мақсадида Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Ўзмиллийбанк” АЖ раҳбариятининг вилоят ёшлари билан юзма-юз мулоқоти ташкил этилди. Вилоятдаги 13 та олий таълим муассасасининг 5 минг нафардан зиёд битирувчи талабаларини офлайн ва онлайн тарзда бирлаштирган мазкур тадбирда ёшлар бандлигини таъминлаш, стартап ғояларни рағбатлантириш ва имтиёзли кредитлашнинг янги механизмлари қизғин муҳокама марказида бўлди.
Учрашув давомида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти битирувчиси Мансурхон Убайдуллаев ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, тизимдаги ижобий ўзгаришларни алоҳида қайд этди:
–Бугунги очиқ мулоқот биз учун ҳақиқий имкониятлар эшигини очди, – деди Мансурхон Убайдуллаев. – Илгари ўз бизнесимизни бошлаш учун маблағ ва тажриба етишмовчилигидан чўчир эдик. “Ўзмиллийбанк” АЖ раҳбарияти билан бўлган суҳбатда ёшлар тадбиркорлиги учун берилаётган имтиёзлар, айниқса, гаров таъминоти ва паст фоизли кредитлар бўйича батафсил маълумот олдим. Бу нафақат молиявий кўмак, балки биз каби ёшларга бўлган юксак ишонч ифодасидир. Эндиликда ўз лойиҳамни жамиятга наф келтирадиган бизнесга айлантиришга қатъий қарор қилдим.
Таъкидлаш жоизки, учрашув қуруқ ҳисоботлардан йироқ ҳолда, амалий таклифлар ва лойиҳалар тақдимотига бой бўлди. Самарқандлик битирувчи ёшлар томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқларига оид 32 та асослантирилган амалий таклиф илгари сурилди. Хусусан, ёшларни тадбиркорликка жалб этишнинг ноёб инструменти сифатида эътироф этилаётган “Талаба инвест” кредит маҳсулоти бўйича жами 21 миллиард сўмлик 8 та йирик лойиҳа ҳамда “Тадбиркорликка илк қадам” дастури доирасида 2,4 миллиард сўмлик 120 та кичик лойиҳа тақдим қилинди. Банк мутасаддилари ҳар бир лойиҳани алоҳида кўриб чиқиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича зарур тавсия ва йўлланмаларни бериб ўтишди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу каби жонли мулоқотлар давлат сиёсатининг марказида инсон манфаатлари ва ёшлар келажаги турганини яна бир бор исботламоқда. Тижорат банкларининг талабалар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлиги нафақат ёш тадбиркорлар сафини кенгайтиради, балки ҳудудлар иқтисодиётига янгича инновацион руҳ олиб киради. Ёшларнинг шижоати ва банк секторининг молиявий кўмаги уйғунлашган бундай лойиҳалар мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти, иқтисодий қудрати ва фаровонлигини таъминлашда энг муҳим драйвер бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати